Вазирлар Маҳкамасининг “Ғўза парваришида юзага келган мураккаб вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда ҳосилга ҳосил қўшишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, ғўза парваришида юзага келган фавқулодда вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини тизимли ташкил қилиш асосида кафолатланган пахта ҳосилини яратиш мақсадида жорий йилнинг 5 сентябрига қадар республикада «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик» эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари 3.Т.Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Самадов), Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов), Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 4 та сектор раҳбарлари, фермерлар, сувчилар ва механизаторларнинг 2018 йил 5 сентябрга қадар доимий равишда далада бўлишини таъминлаган ҳолда «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да:

ғўзани 5 маротаба (август ойида 4 маротаба, сентябрь ойида 1 маротаба) культивация қилиш;

ўсимликнинг ўсишини бошқарувчи ва қўшимча ҳосил олишни таъминловчи биостимуляторлар билан камида 2 марта ишлов бериш;

ғўза зараркунандаларига қарши биомаҳсулотларни далага чиқариш, ўргимчаккана, кўсак қурти ва беда қандаласи тушган майдонларда кимёвий ишлов ўтказиш;

ғўзани камида икки марта фақат шарбат усулида суғоришни ташкил қилиш, тунги суғориш ишларини алоҳида назоратга олиш;

жорий йилнинг 10 августига қадар барча ҳудудларда ғўзани чеканка қилиш ишлари сифатли ўтказилишини ташкил этадилар.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосарлари З.Т.Мирзаев ва А.С.Султонов, «Ўзкимёсаноат», «Ўзагрокимёҳимоя» ва «Ўзбекистон товар хомашё биржаси» акциядорлик жамиятлари Самарқанд вилоятига 6 минг тонна, Бухоро вилоятига 3 минг тонна, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига 4 минг тоннадан, Қорақалпоғистон Республикасига 5,5 минг тонна, жами 22,5 минг тонна азотли минерал ўғитларни тўрт кун муддатда етказиб берилишини таъминлайди.

Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси етказиб берилган минерал ўғитлар билан 128 минг гектар ривожланишдан орқада қолган ғўза майдонларини қўшимча озиқлантириш ишлари 5 кун муддатда якунланишини таъминлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда «Механизаторлар уйлари»га бириктирилган ички ишлар ходимларининг масъулиятини оширган ҳолда «Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик»да механизаторларнинг доимий равишда далада бўлишини, ишни ҳар куни «топшириқ-ҳисобот» тизими асосида самарали ташкил этилишини таъминлайди.