Айтишларича, киши хизматига қараб эмас, қанча сўрай олишига қараб маош олар экан. Блогер Николас Коул бу фикрни қўллаб-қувватлайди. Ўзининг Medium’да қолдирган қайдида у маошни ошириш, меҳнатингизга яхшироқ ҳақ тўланиши борасида раҳбарият ёки мижозларни ишонтиришга қандай қилиб эришиш мумкинлиги ҳақида гапириб берди.
Узоқ йиллар мобайнида тиришқоқлик билан ишлаш муҳим эмаслигини тушундим. Ҳаракатларингиз қанча пул ишлаб топишингиз, энг муҳими атрофдагиларнинг сизнинг қадрингиз ҳақидаги фикрига у қадар таъсир кўрсатмайди. Маошнинг истиқболи фақат бир нарса – сиз келтираётган фойдага боғлиқ.
Офис муҳитини яхши ташкиллаштирадиган одамнинг қадри қай даражада? Мижозларни хизматларингиздан фойдаланишга мажбур қила оладиган мутахассиснинг-чи? Тез ёрдам ходими ҳақида нима дея оласиз?
Жамият ҳар бир машғулотни пул билан баҳолайди ва исталган натижага эриша оладиганларга ҳақ тўлайди. Табиийки, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда. Ҳожатхоналарни кўпчилик тозалай олади. Бироқ ҳамма ҳам тезкор тиббий жарроҳлик амалиётини ўтказа олмайди.
Бу маошингиз истиқболи учун нимани англатади? Сиз жуда кам пул ишлаб топаётганингизни қандай англаш мумкин. Ва энг муҳими, “муносиб” пул ишлаб топиш учун ўз қадрингизни қандай оширишингиз мумкин? Қуйида бир неча усуллар билан танишишингиз мумкин.

Касбингиз қандай фойда келтира олиши ҳақида билиб олинг
Ҳар бир саноатнинг муайян ўрни, ўз мажбуриятлари мавжуд. Агар кўпроқ маошга эга бўлишни истасангиз, касбингизнинг аҳамияти нимадан иборат экани ҳақида билинг. Бундай мутахассисларга кўпроқ ҳақ тўлашга тайёр компаниялар ҳақида маълумотлар изланг.
Мисол келтираман. Коллежда таҳсил олаётганимда адабий ижодни ўрганганман. Кўпчилик бундай мутахассислик билан кам пул ишлаб топилишини айтишган. Ёзувчилик фаолияти орқали кам сонли кишиларгина яхши маош олишади. Ана ўшанда мен ўз мутахассислигим ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилдим. Ўз-ўзимга савол бердим: “Яхши ёзувчи кимга керак бўлиши мумкин ва мен қандай фойда келтира оламан?”.
Маълум бўлдики, компанияларнинг баъзи раҳбарлари қоғозда иккита сўзни бир-бири билан боғлай олишмайди. Ёзиш кўникмасига эгалигим ва ҳикояларни сўзлай олишим туфайли мен ўз фирмамни оча олдим. Агар ўз мутахассислигим ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлмаганимда бу юз бермасди.












