Ўзбекистонда иш ҳақи ўсишининг юқори суръатлари 2026 йилнинг биринчи ярмида ҳам давом этган. Бу ҳақда Марказий банкнинг II чорак учун меҳнат бозори шарҳида сўз боради.

Қайд этилишича, 2026 йил январ-июн ойларида ўртача ойлик номинал иш ҳақи 7,1 млн сўмни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга кўп. Инфляция таъсири ҳисобга олинганда эса аҳолининг реал иш ҳақи 10,9 фоизга ошган.

Энг юқори маош молия соҳасида

Тармоқлар кесимида иш ҳақи миқдори сезиларли фарқ қилмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида энг юқори ўртача иш ҳақи молия ва суғурта фаолиятида — 19,1 млн сўмни ташкил қилган.

Кейинги юқори кўрсаткич ахборот ва коммуникация хизматлари соҳасида қайд этилган — бу йўналишда ўртача иш ҳақи 17,4 млн сўм бўлган.

Шу билан бирга, иш ҳақи энг паст бўлган соҳалар қаторида қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий хизматлар қолмоқда. Қишлоқ хўжалигида ўртача иш ҳақи 3,5 млн сўм, ижтимоий хизматларда эса 4,7 млн сўмни ташкил этган.

Шундай қилиб, молия ва суғурта соҳасидаги ўртача иш ҳақи қишлоқ хўжалигидаги кўрсаткичдан қарийб 5,5 баравар юқори.

Қайси соҳаларда иш ҳақи тезроқ ошди?

Иш ҳақи ўсиш суръатлари бўйича айрим тармоқлар умумий кўрсаткичдан ҳам юқори натижа қайд этган.

Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярмида:

  • ташиш ва сақлаш соҳасида иш ҳақи 22,8 фоизга;

  • ижтимоий хизматларда 20,2 фоизга;

  • қурилишда 19,9 фоизга ошган.

Бу тармоқлардаги иш ҳақи ўсиши мамлакат бўйича ўртача номинал иш ҳақи ўсишидан юқори бўлган.

Ҳудудларда вазият қандай?

Иш ҳақининг реал ўсиши ҳудудлар бўйича ҳам бир хил бўлмаган. Реал иш ҳақининг энг юқори ўсиши Жиззах вилоятида — 13,3 фоизни ташкил қилган.