Жаҳон | 15:50 / 05.08.2018
12511
2 дақиқада ўқилади

Жорж Бушни даволаган шифокорнинг қотили онаси ўлими учун қасос олгани маълум қилинди

Фото: AP

20 июль куни Американинг Хьюстон шаҳрида АҚШнинг собиқ президенти катта Жорж Бушни даволаган 65 ёшли кардиолог Марк Хаускнехт ўлдирилди. У велосипедда ишга кетаётган вақтида отиб ташланган.

Август бошида полиция ушбу ишда 30 йиллик полициячи стажига эга 62 ёшли Жозеф Жеймс Паппас гумондор сифатида кўрилаётганини маълум қилди. 1997 йилда унинг онаси Хаускнехт қўл остида даволанган ва операция вақтида вафот этган.

«Чамаси, бу инсон йигирма йил аввалги воқеа учун қасос олиш ниятида», — деган фикрни билдирди қидирув эълон қилган полиция.

Жозеф Жеймс Паппас
Фото: EPA

3 август куни полициячилар Паппаснинг изига тушишди — уни кимдир Хьюстонда кўргани ва унинг ҳамёнини топиб олганини хабар қилди. Офицерлардан бири уни қувиб етди, аммо зирҳли нимча кийган Паппас қўлини кўтаришдан бош тортди – у револьвер тутган қўлини орқасига яшириб олгани маълум бўлди. Воқеа жойига иккинчи полициячи етиб келганида у ўзини отиб ташлади.

Жозеф Жеймс Паппаснинг уйидан шифокор Хаускнехтнинг иш ва яшаш жойи ҳақидаги батафсил маълумотлар, касалхона ходимлари рўйхати, ўқ-дорилар ҳамда уйини дугонасига мерос қилиб қолдиргани ёзилган васиятнома топилди. Дугонасининг билдиришича, Паппас тузалмас касалликка дучор бўлганини ва ўз мулкини унга мерос қилиб қолдиришини айтган.

Мавзуга оид