Икки кундан сўнг, 10 август оқшомида «Манчестер Юнайтед» – «Лестер» ўйини билан Англияда янги мавсум бошланади. Бу сафарги стартнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, айнан мавсум бошланиши билан трансферлар ойнаси ҳам ёпилади. Яъни, шу кундан кейин жамоалар ўз таркибларига янги футболчи қўшиб ололмайди. Кимдир бошқа лигаларга кетиши мумкин, албатта.

Эътиборингизга, АПЛ фаворитларининг бугунги ҳолати ва имкониятлари ҳақида баъзи мулоҳазаларни ҳавола қиламиз.

МАНЧЕСТЕР СИТИ

Фото: © globallookpress

Пеп Гвардиола жамоасининг ўтган мавсумдаги устунлигидан келиб чиқсак, янги мавсум олдидан асосий вазифа таркибни трансферлар ҳисобига кучайтириш эмас, белгиланган йўналишда янада такомиллашиш экани сир эмас.

Шу туфайли жамоа трансфер бозорида у қадар фаол бўлмади. Аслида қишда амалга ошиши кутилган трансфер якунига етказилди холос. «Лестер» етакчиси Риёз Маҳрез 67.8 миллион еврога сотиб олинди. Маҳрезнинг келиши «Манчестер Сити»да шундоғам катта бўлган ҳужумкор футболчилар ансамблини кенгайтирди. Сане, Кевин Де Брюйне, икки Сильва, Стерлинг, Маҳрез, Агуэро, Жезус.. Бу биз билганларимиз. Бундан ташқари, Гвардиола назорат ўйинларида яхши таассурот қолдирган Диас ва Фоденни ҳам энди ўйинларга кўпроқ жалб қилиши мумкин. Ўтган мавсумни тўлиқ жароҳат билан ўтказиб юборган жаҳон чемпиони Бенжамин Менди ҳам ҳимояда яна бир вариант бўлади. Яъни, бугунга келиб, Гвардиола ўзининг мукаммал таркибига эга деб бемалол айтиш мумкин.

Ўнг қанот ҳужумчиси сотиб олиниши яна бир ғояни асослаши мумкин – балки Кевин де Брюйне орқароқда, таянч ярим ҳимоячига яқинроқ жойда тўп суради. Терма жамоада Мартинес баъзи ўйинларда (кучсизроқ терма жамоалар билан) мана шу схемани ҳам синаб кўрган, Де Брюйненинг ўзи ҳам, Гвардиола унга орқароқда ўйнатмоқчи эканини айтганди. Амалга ошмай қолган Жоржиньо трансфери балки мураббийга мана шу ечимни тақдим этгандир, ахир таянч зонасида биргина 31 ёшли Фернандиньо билан анча таҳликали бўлиши мумкин.

Шунингдек, баъзи мутахассислар Гвардиола янги мавсумда 3-3-4 схемасини қўллашни режалаштираётганини тахмин қилишмоқда. Уч марказий ҳимоячи билан, «Челси»даги схемадан фарқли равишда, қанотларда соф латераллар эмас, айтайлик Риёз Маҳрез ёки Стерлинг майдонга тушади. Бир пайтлар Дани Алвеш билан «Барселона»да ҳам бу синаб кўрилган, айниқса, бутун жамоа билан ҳимояланадиган рақибларга қарши олдинги чизиқда кўпроқ футболчи бўлиши ёрдам бериши мумкин.

Хулоса қилиш айтиш мумкинки, «Манчестер Сити» бу мавсумда ҳам яққол фаворитлигича қолади ва қачонки, бошқа топ жамоалардан бири ўта муваффақиятли ўйнаб юборса ёки Гвардиолада қандайдир тактик муаммолар пайдо бўлиб қолса, янги чемпионларни кўрамиз. Зеро 2009 йилдан буён ҳали бирор жамоа Англияда қаторасига икки йил ғолиб чиққани йўқ. Бу ҳам факт.