Ўзбекистон | 11:06 / 09.08.2018
11142
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда каналларни қуриш ва қайта тиклашга тўсқинлик қилаётган 16716 дона дарахт кесилиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ислом тараққиёт банки иштирокида “Сурхондарё вилояти сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Ҳазарбоғ-Оққопчиғай каналлари тизимини қайта тиклаш)” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ислом тараққиёт банки иштирокида “Сурхондарё вилояти сув ресурслари бошқарилишини яхшилаш (Ҳазарбоғ-Оққопчиғай каналлари тизимини қайта қуриш)” лойиҳаси доирасида ирригация каналларини қуриш ва қайта тиклашга тўсқинлик қилаётган 16716 дона Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни истисно тариқасида ҳақ тўламасдан кесиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳамда Сурхондарё вилояти хокимлигининг таклифлари маъқулланиши мумкин.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:
   
белгиланган тартибда инвестиция лойиҳаси доирасида ирригация каналларини қуриш ва қайта тиклашга тўсқинлик қилаётган Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни истисно тариқасида кесганлик учун тўлов тўламасдан кесиш бўйича тегишли қарорини қабул қилинишини таъминлайди;

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилиши натижасида олинадиган ёғоч маҳсулотларини тайёрлов ва савдо ташкилотлари орқали белгиланган тартибда реализациясини таъминлаш юзасидан тегишли чора тадбирларни амалга оширади;
      
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш вақтида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан назорат ўрнатади;
    
ёғоч маҳсулотларининг реализациясидан тушган маблағларнинг 50 фоизини маҳаллий бюджетга вилоятда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари билан боғлиқ харажатлар учун, қолган 50 фоизини Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига ўтказилишини таъминлайди.

Мавзуга оид