Вазирлар Маҳкамасининг “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 10 апрелдаги 196-сон қарорининг 1-иловаси I бўлими қуйидаги мазмундаги 5-банд билан тўлдирилди:

“5. Самарқанд шаҳар “Хишрав-2” массиви ер майдонлари қуйидаги чегаралар билан:

шимолий томондан - “Дарғом” канали ҳудуди;
шарқий томондан - Самарқанд вилояти Ёнгин хавфсизлиги бош бошқармасининг малака ошириш маркази ҳудуди;
жанубий томондан - давлат захира ерининг жарликкача бўлган ҳудуди;
ғарбий томондан - Мудофаа вазирлигининг ҳарбий базасига туташ ҳудуди”.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда ушбу қарорнинг 1-бандидан келиб чиқиб, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудининг чегараларини қайта белгилайди ва тегишли ер участкалари ажратилишини таъминлайди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.О. Турдимов зиммасига юкланди.