Халқ таълими вазири: «Вазирлик олдида зудлик билан ҳал этилиши зарур бўлган 3та масала бор»
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири давлат раҳбари томонидан талаб этиб қўйилган тизимни тубдан ислоҳ қилиш масаласига ўз муносабатини билдирди. Вазир Шерзод Шерматов бу ҳақда Kun.uz'га берган интервьюсида тўлиқ баён этди.
«Худди тоза қоғоздан олиб, бошқатдан ясаш керак, деган вазифа қўйилди. Шунинг учун ҳам, халқ таълимининг барча раҳбарияти алмаштирилиб, соҳани ислоҳ қиласизлар, деган топшириқ берилган.
Халқ таълими (тизими) олдидаги асосий вазифалар нималардан иборат? Биринчи навбатда, диагноз қўйиб олишимиз керак. Халқ таълимида нима муаммолар бор ва уни қандай ҳал этиш керак?! Бунинг учун, биз аҳолига мурожаат қилдик, улардан минглаб таклифлар келиб тушди. Халқ таълими тизимидаги ходимлар билан муҳокама қилдик. Жамоатчилик кенгашлари билан суҳбатлашдик ва жуда кўп муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Энди, муаммоларни ечиш даражаси бор. Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлиги ёки мактаб директори даражасида масалаларни ҳал этиш бўйича тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш устида иш бошланган», дейди у.
Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, вазирлик олдида зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган учта катта масалалардан бири - ўқитувчи ва мактаб ходимларига жамиятдаги эътиборни ўзгартириш.
«Қайси жамият ўқитувчини, халқ таълими тизимидаги ходимларни ҳурмат қилса, ўша жамиятнинг келажакда ривожи бор. Буни Президентимиз бир неча бор таъкидладилар», дейди вазир.
Шунингдек, вазирлик раҳбари халқ таълими тизимини молиялаштириш механизмини қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтмоқда.
«Тизимда ким яхши ишласа, яхши яшашга ҳам имконияти бўлиши лозим. Аввалгидай, яхши ишлаган ҳам, ёмон ишлаган ҳам бир хил пул топадиган «тенглама» бўлмаслиги керак. Шунинг учун Президентимиз томонидан қўйилган вазифа - бутун халқ таълими тизимини молиялаштириш ишларини вазирликнинг ўзига ўтказиш. Масалан, аввал бу вазифа Молия вазирлиги зиммасига юклатилган бўлса, эндиликда бу вазифани Халқ таълими вазирлигига бериш керак. Шунда тегишли рағбатлантириш механизмлари ҳам жорий этилиши керак», дейди Шерматов.
Вазир билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024