2018 йил 8 августда Юнусобод туманидаги тунги клубда содир этилган қотиллик тафсилотлари ОАВда тарқалди. Жамоатчилик воқеага турли муносабат билдирди: ҳар ким воқеа сабабларини ўз фикридан келиб чиққан ҳолда таҳлил қилиб, кимдир тунги клубларни ёпишни, яна кимдир спортчиларнинг руҳий тарбияси билан чуқурроқ шуғулланишни таклиф қилди.

Аслида бу каби қотилликлар барча мамлакатларда ҳам содир бўлиб туради, бир қарашда кишиларнинг ўзаро жанжаллашуви оқибатида содир бўладиган ҳолатлар ажабланарли эмас.

Лекин, айни вазиятда ушбу қотилликнинг олдини олиш, содир бўлмаслигини таъминлаш мумкин эди. Ёки бу каби ҳодиса тунги клуб эмас, бошқа умумий овқатланиш жойида ҳам содир бўлиши мумкин. Хусусий қўриқлаш фаолиятига қўйилган тақиқларни қайта кўриб чиқиш ва тартибга солиш орқали бу каби воқеаларнинг олдини олишга эришиш мумкин.

Келинг, содир этилган қотиллик жараёнида қўриқчиларнинг малакаси ва касбий маҳорати, руҳий тайёргарлиги ва ўзини тутишига ОАВда эълон қилинган тафсилотлардан келиб чиқиб тўхталиб ўтайлик.

Совуқ қурол билан ишлатилган зўрлик, бир неча қўриқчиларнинг ҳужумга номутаносиб тарзда ўтиши ҳамда зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб (видеода марҳумнинг хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб тахмин қилинди) ошхона пичоғи билан жароҳат етказиши оқибатида дастлабки хулосаларга кўра, қасддан одам ўлдириш, дея малакаланаётган хавфли қилмиш содир этилди.

Албатта, тергов жараёни ва судда ушбу ҳолат ҳар томонлама ўрганилади ва ҳуқуқий баҳо берилади. Бизнинг фикримиз воқеага ҳуқуқий баҳо бериш эмас, сабабларини таҳлил қилишдир.

Бу ерда қўриқчиларнинг хатти-ҳаракатлари, айнан бундай қалтис вазиятларда ўзини тута олмай шафқатсизларча ҳаракат қилиши (бейсбол таёғи ва пичоқ билан зарбалар бериш, ожиз аҳволда ётган шахсни аёвсиз калтаклаш), ҳужум қилаётган шахсни зарарсизлантириш ва дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш чораларини кўрмаганликлари қўриқчиларнинг етарли профессионал таълим олмаганликлари, тайёргарликдан ўтмаганликлари ва улар фаолиятининг тизимли бошқаруви йўқлигини кўрсатади.

Бошқача бўлишини кутиш ҳам тўғри бўлмайди. Чунки, кўнгилочар масканларда хусусий қўриқчилар ушбу маскан бошлиғи томонидан ўзаро келишув асосида ёлланади. Қўриқчи ўша масканга ташриф буюрувчилар ва бошқа шахслар ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ва бошқа объектларни қўриқлаш учун масъул бўлгани ҳолда бу бўйича ҳеч қандай йўриқнома, тушунтириш олмайди. Қўриқлаш жараёнида вужудга келадиган ҳолат бўйича қандай ҳаракат қилиш кераклиги, ҳуқуқ ва мажбуриятлари чегараси, хавфни бартараф этишнинг қонуний ва оптимал хавфсиз йўллари бўйича уларга талаблар қўйилмаган.