Нуфузли Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан уч йилда бир ўтказилувчи халқаро тадқиқотларга кўра, финляндиялик мактаб ўқувчилари дунёдаги энг юқори билимлар даражасини намойиш этишади. Улар шунингдек дунёдаги энг кўп китоб ўқувчи болалар ҳамдир. Бундан ташқари, финляндиялик мактаб ўқувчилари табиий фанлар бўйича - дунёда иккинчи, математика бўйича эса бешинчи ўринни эгаллашади. Бироқ педагогик жамиятни қувонтирадигани биргина бу натижалар эмас. Шуниси ажабланарлики, дунё миқёсида юқори кўрсаткичларни қайд этишларига қарамай, финляндиялик мактаб ўқувчилари дарсларга у қадар кўп вақт ажратишмайди.

Финляндияда ўртача мажбурий умумтаълим тизими икки босқичли мактабни ўз ичига олади:

— қуйи (alakoulu), 1-6 синф;

— юқори (yläkoulu), 7-9 синф.

Қўшимча 10-синфда ўқувчилар ўз баҳоларини яхшилашлари мумкин. Сўнгра болалар ё профессионал коллежга йўл олишади, ёки лицей (lukio)да ўқишни давом эттиришади. 

Финляндия таълими "ўрта" босқичининг 7 тамойили:

1. Тенглик

– Мактаблар

Мамлакатда на элита ва на "бўшроқ" мактаблар бор. Финляндиядаги энг йирик мактабда 960 нафар ўқувчи таълим олади. Энг кичигида эса - 11 нафар. Барча мактаблар мутлақо бир хил жиҳозланган, бирдек имкониятларга эга ва бир хил молиялаштирилган. Деярли барча мактаблар - давлат мактаблари бўлиб, ўнлаб хусусий мактаблар бор. Уларнинг ота-оналар қисман тўлов киритишларидан ташқари яна бир фарқи - ўқувчиларга бўлган талабнинг юқорилигида. Қоидага кўра, бу ўзига хос "педагогик" лабораториялар: Монтессори, Френ, Мортан и Вальдорф мактаблари. Инглиз, немис ва француз тилларида таълим берилувчи ўқув муассасалари ҳам хусусий ҳисобланади.

Финляндияда тенглик тамойилига риоя қилган ҳолда швед тилидаги параллель таълим тизими мавжуд - боғчалардан тортиб то университетларгача. Саам халқининг манфаатлари ҳам унутилмаган, мамлакат шимолида она тилида таълим олиш мумкин.

Яқин вақтларгача финларга мактаб танлаш тақиқланган эди, болалар шунчаки энг яқин орадаги мактабга чиқишарди. Тақиқ бекор қилинди, лекин ота-оналарнинг аксарияти барибир болаларни яқин орадаги таълим муассасасига беришни маъқул кўришмоқда, зеро Финляндияда барча мактаблар бирдек яхши.