Жорий йилнинг 3 май куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги 36-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда «Истиқлол» санъат саройи, унинг олд қисми ҳамда «Бунёдкор» метро бекатига унинг аввалги «Халқлар дўстлиги» номини қайтариш масаласи кўрилди. Шу билан бирга, мазкур санъат саройини қайта таъмирдан ўтказиш режага киритилди.
Мана бир неча ойдан бери таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишчилар ҳаво ҳарорати жуда иссиқ бўлишига қарамай тинмай меҳнат қилмоқда. Бироқ ҳозирда баъзи муаммолар пайдо бўлган. Ўша ерда ишлаётган ишчилардан «Kun.uz» таҳририятига мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш учун улар билан боғландик.
Мурожаатчилар турли вилоятлардан келган оддий аҳоли. Азим Тошкентга ризқини териш учун келган инсонлар сўнгги вақтда маош муаммосига дуч келишган. Уларнинг айтишича, таъмирлашни ўз зиммасига олган қурилиш фирмаси «Арт алианс» ишчиларга бир муддатдан бери иш ҳақиларини бермай кечиктирмоқда. «Ана берамиз, мана берамиз» зайлида иш тутишмоқда.

Мурожаатчиларнинг аксарияти чекка ҳудудлардан келгани ва ҳайит байрамигача уйга қайтишни режалаштиришган. Лекин иш ҳақини ололмаган ишчилар пулсиз қаерга ҳам борарди?! Уларнинг ҳам байрам учун режалари бор. Улар ҳам хонадонига байрамлик қилиб ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандларига совға кўтариб боришни ният қилишганди. Узоқ муддат фарзандлари билан учрашмаган оталар бор. Ҳеч бўлмаса иккита нон ва майда-чуйдалар олиб боришни исташади.
Улар бор йўғи ҳалол ишлаб топган пешана ҳаққини сўрашмоқда.
«Нима қилади фирма эгалари одамларни норози қилиб. Пулини ололмаганлар кетди қўл силтаб. Баъзиларимиз ниятлар қилганмиз. Пулимизни ололмасак, ниятларимиз нима бўлади? Оиламизга қуруқ қўл билан қайтамизми? Саратонни саратон демай, иссиқда тепага чиқиб ишладик. Дам олмадик. Байрам яқинлашгани сабаб йўл киралар ҳам ошиб кетди. Яна ошмоқда. Ўз вақтида берганида, арзонлигида етиб олардик. Бошқа давлатлардан нима камимиз бор. Бошқа давлатларда ишлаганмиз. Россияда. Ўша давлатда бугун ишлаган бўлсак, эртасига ҳақимизни олганмиз», - дейди мурожаатчилар.

Ишчилар ҳақлари берилишини бир неча бор сўрашган. Охири муаммони ёритиб беришимизни сўраб бизга мурожаат қилишган.


















