Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи пасайиб кетган эди. Шу боис Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда ўқитувчилик касбининг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишга қаратилган "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов янги қарорга қуйидагича изоҳ берди:

"Президентимиз ташаббуслари асосида Халқ таълими тизимида тарихий ўзгаришлар бошланяпти. Янги қарор мана шу ўзгаришларга асос бўлади. Ҳужжатнинг энг асосий мақсади - ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш. Шу вақтгача бўлган даврни таҳлил қиладиган бўлсак, афсуски, халқ таълими тизимига, текин ишчи кучидек қараб келинган ва мактаб таълими тизими иккинчи даражага ўтиб қолган. Президентимиз охирги селекторларда мактабнинг мавқеини ошириш бўйича катта вазифалар белгилаб бердилар. Шу боис мактабдаги ҳар қандай ортиқча мажбурий меҳнатни йўқ қилиш, қоғозбозликни камайтириш, қўшимча педагогик юкламалар тартибга солиш ва имкон борича ўқитувчиларга шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда".

Қарор билан ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ойлик иш ҳақи

Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан қуйидаги кўринишда оширилади:

  • бошланғич синф ўқитувчилари учун - 1,1 бараварга;
  • юқори синф ўқитувчилари учун - ўртача 1,24 бараварга;
  • директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун - 1,1 бараваргача.