Жамият | 15:41 / 15.08.2018
16411
3 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда илк оилавий меҳмон уйлари очилди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Респубикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2018 йил 7 августдаги 631-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари оила ва хонадонларни жойига чиқиб ўрганиб, оилавий меҳмон уйлари тушунчаси, уларни ташкил қилиш шартлари, тартиби, фаолият юритиш жараёни ва бунда давлат томонидан белгиланган кредит ва солиқ имтиёзлари тўғрисида аҳолимизга ва кенг жамоатчилик орасида тушунтириш ишларини амалга оширишмоқда.

Фото: Камиль Еникеев

Мазкур вазифани амалга оширишда Ўзбекистон Президентининг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги 2018 йил 7 июндаги 3777-сонли қарорида белгилаб берилган механизмлардан кенг фойдаланган ҳолда оилавий меҳмон уйларини очиш ва тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларида тижорат банкларининг имтиёзли микрокредитларини жалб қилиш асосида меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиб келмоқда.

Биргина Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз тумани аҳолиси билан бир ҳафта давомида олиб борилган бевосита мулоқот натижасида оилавий меҳмон уйлари ташкил қилиш орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш билдирган 67 нафар ташаббускор аниқланди, уларнинг 44 нафарига фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Шаҳрисабз филиалининг имтиёзли микрокредитлари жалб қилинди.

Фуқаролар томонидан билдирилган ташаббусни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилиши натижасида бир вақтнинг ўзида 370 дан ортиқ меҳмонларни шинам ва замонавий оилавий меҳмон уйларигажойлаштириш имконияти ва 170 дан ортиқ иш ўринлари яратилади. 

Фото: Камиль Еникеев

Жорий йилнинг 14 август ҳолатига кўра, 155 ўринли 26 та оилавий меҳмон уйи ўз фаолиятини йўлга қўйиб, хорижий ва республикамизнинг бошқа вилоятларидан келаётган сайёҳлар ва меҳмонларни жойлаштириш учун тайёрлаб қўйилди.

Оилавий меҳмон уйлари ҳудуднинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилиб, хусусан жорий йилнинг сентябрь ойида Шаҳрисабзда ўтказилиши мўлжалланган “Халқаро мақом санъати анжумани”га ташриф буюрадиган сайёҳларни миллийликни сақлаган ҳолда замонавий шароитлар билан кутиб олиш имконини беради.

Фото: Камиль Еникеев
Фото: Камиль Еникеев
Фото: Камиль Еникеев
Фото: Камиль Еникеев
Фото: Камиль Еникеев

Мавзуга оид