Ўзбекистон | 15:16 / 16.08.2018
9733
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «Шимол-Жануб» йўлагига қўшилишдан манфаатдор

Фото: Dreamstime

Ўзбекистон «Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлагига уланишни режалаштирмоқда, дея маълум қилди Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Суҳроб Холмуродов Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг 11-мажлисида.

«Биз учун «Шимол-Жануб» халқаро транспорт лойиҳасида иштирок этиш ҳам қизиқиш уйғотади, у транзит салоҳиятини оширишга ёрдам беради», - деди у.

Йўлак Ҳиндистон ва Форс кўрфази мамлакатларидан Россия, Ғарбий Европа, Болтиқбўйи ва Скандинавия мамлакатларига юкларни ташиш учун мўлжалланган. Йўлакнинг асосий устунлиги - масофа ва юкларнинг етказиб бериш муддатини Сувайш канали орқали ташувлар билан солиштирганда икки-уч баробар камайтириш.

Холмуродовнинг фикрича, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш Ўзбекистон ҳамда Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқни кенгайтиришда муҳим омил бўлади.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистонни Ашхобод битимига қўшилишини қўллаб-қувватлади, бу эса Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажмини оширишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил 25 апрелда Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Уммон ва Қатар ҳукуматлари транзит йўлагини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзоладилар. 2013 йилда Қатар томони лойиҳадан чиқиб кетди.

Мавзуга оид