Жорий йилнинг 14 август куни Молия вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг бош вазир ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазирининг ўринбосари – Росреестр раҳбари Виктория Абрамченко билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Учрашув конструктив суҳбат форматида бўлиб ўтиб, унда Россиялик эксперт гуруҳи томонидан ўрганишлар натижалари асосида Ўзбекистон Республикасида мавжуд жорий кадастр тизимининг муаммоли масалалари муҳокама этилди.
Россиянинг Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ва Росреестр хизматининг эксперт гуруҳи жорий йилнинг август ойида кадастр бўйича рўйхатга олиш, ҳуқуқларни рўйхатга олиш, давлат ерларини назорат қилиш, уларнинг мониторингини олиб бориш, геодезия, картография ва кўчмас мулкни баҳолаш соҳаларида фаолият юритувчи ҳамкасбларининг тажрибаларини ўрганиш юзасидан ташриф буюрдилар. Ўрганишлар натижасида россиялик экспертлар давлат бошқаруви механизмларининг самарадорлигини ошириш ва республикадаги кўчмас мулк бозорини тартибга солиш чораларини таклиф этдилар.
Кадастр бўйича рўйхатга олиш ва ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказишни оптималлаштириш мақсадида, россиялик экспертлар электрон ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этиш ҳамда ҳисоб-китоб ва рўйхатдан ўтказиш амалиётини электрон тарзда юритиш соҳаларини қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериб ўтдилар. Давлат хизматларининг электрон шаклга ўтилиши мурожаатчига хизматларни у учун қулай бўлган вақтда ва жойдан фойдаланишга имкон беради.
Россиянинг Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ва Росреестр хизматининг мутахассислари, бизнинг мутахассисларимиз томонидан «ягона дарча» хизмати киритилишининг ижобий тажриба эканлигини таъкидладилар. Бундай марказларда 2018-2020 йиллар мобайнида 58 хилдаги давлат хизматлари кўрсатилади.
- Росреестр учун бир неча йиллар давомида осон ва тезкор хизматларни таъминлаш устувор йўналишлардан бири ҳисобланиб, шунинг учун ҳам хизматларни контактсиз технологиялар орқали кўрсатишни – интернет тармоғи ва давлат хизматларининг ягона марказлари орқали фаол даражада ривожлантирмоқдамиз, - деди Виктория Абрамченко.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ер-мулк муносабатларини ривожлантириш, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани мисолида пилот лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этишга келишдилар. Пилот лойиҳа ҳудудида ушбу ҳудудларни режалаштириш ҳужжатлари ишлаб чиқилиши, кадастр ишлари олиб борилиши ҳамда кўчмас мулк объектларининг кадастр нархи белгиланиши режалаштирилмоқда. Бунда Россиялик мутахассислар иштирокида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини яратиш кўзда тутилмоқда.

















