Ўзбекистон | 18:30 / 18.08.2018
29556
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини якунлаб, Тошкентга келди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон 18 август куни Самарқанд шаҳрига келди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара мажмуасига ташриф буюрди. Биринчи президент қабрига гул қўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Меҳмонга мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзлаб берилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Мирзо Улуғбек музей-мажмуасини бориб кўрди. Имомали Раҳмон расадхонага юксак баҳо берди. Дунёнинг аксарият ўлкалари қолоқ бўлган ўрта асрларда аждодларимиз юксак илмий кашфиётлар қилгани, улар ҳали-ҳамон одамларни ҳайратга солишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Афросиёб музейида ҳам бўлди. Имомали Раҳмонга Афросиёб қалъаси ва музейдаги экспонатлар тарихи, Самарқанднинг қадимий ўтмиши ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Регистон мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонларга мажмуадаги уч муҳташам обида – Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг тарихи, мустақиллик йилларида бу ерда олиб борилган ишлар ҳақида сўзлаб берилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Регистон майдонида эсдалик учун суратга тушди.

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон Амир Темур мақбарасига ҳам ташриф буюрди. Соҳибқирон бобомиз руҳи покига Қуръон тиловат қилинди. Меҳмонларга Амир Темур ҳаёти, ушбу мақбара қурилиши ҳақида сўзлаб берилди. Тожикистон президенти ўзи учун Амир Темур ва темурийлар давлати тарихига оид янги жиҳатларни кашф этганини таъкидлади.

Шу билан Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмоннинг мамлакатга давлат ташрифи якунланди. Самарқанд халқаро аэропортида уни президент Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. 

Шавкат Мирзиёев 18 август куни Самарқандда шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга доир лойиҳалар билан ҳам танишди. Президент Самарқанд шаҳри Бош режасини хорижлик мутахассислар билан биргаликда лойиҳалаштириш, катта меҳмонхоналар билан бирга сайёҳлар учун кичик-кичик отеллар ҳам бунёд этиш зарурлигини таъкидлади. Самарқандда йўллар, бинолар, транспорт инфратузилмаси, ўриндиқларгача - ҳамма-ҳаммаси чуқур ўйланиши, инсонлар учун қулай бўлиши лозим, деди давлат раҳбари.

 

Мавзуга оид