Наврўз байрами арафасида қизиқарли туристик маҳсулотлар ва ноёб турлар яратилмоқда. Ички туризмни ривожлантиришга йўналтирилган "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастурига мувофиқ, юртимизнинг қатор масканларида байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати ҳудудлардаги байрам тадбирларига доир маълумотлар билан бўлишди.
Сармишсойда "Сумалак-шоу"
Навоий яқинида жойлашган Сармишсой нафақат ўзининг гўзал табиати, балки ноёб ёдгорликлари билан ҳам машҳур. Бу ердаги қояларда қадимий петроглифларни кўриш мумкин, баъзиларининг ёши 10 минг йилдан ошади.
"Сармишсой" дам олиш зонасида қулай ҳордиқ чиқариш учун барча шароитлар яратилган. Тур нархига қулай ўтовлар ёки коттеджларда яшаш, нонушта, гид, экскурсиялар, миллий эстрада қўшиқчиларининг шоу-дастури, гулхан атрофидаги оқшомлар, номерларни тозалаш ишлари, мангаллар, барбекю ва пикник учун шароитлар ва, албатта, сумалак билан меҳмон қилиш киради. Табиат қўйнида фаол дам олиш, маданий дастур ва бетакрор таомлар ушбу саёҳатга отланишингиз учун арзийди.



Шаҳрисабзда Халқаро миллий либослар фестивали
Ўзбекистонда биринчи марта 21-22 март кунлари Шаҳрисабзда ушбу баҳорнинг энг диққатга сазовор ҳодисаларидан бири - Халқаро миллий либослар фестивали ўтказилади. Бу ерда миллий услубдаги баҳорги-ёзги аёллар либосларининг эксклюзив намуналарини кўришингиз мумкин бўлади. Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ етакчи дизайнери ва бошқа мамлакатларнинг кўзга кўринган дизайнерлари тадбирдаги иштирокларини тасдиқлашди.
Дизайнерлар миллий матолар ва янги форматдаги мотивлардаги янги коллекцияларини намойиш қилишади ҳамда анъанавий образларни янгича шаклда тақдим этишади. Шунингдек фестиваль доирасида "Шаҳрисабз гўзали" танлови ўтказилади. Ғолиб тадбирнинг ёпилиш маросимида эълон қилинади. Фольклор ансамбллар ва ёш ижрочиларнинг чиқишлари ажойиб байрам муҳитини тўлдиради. Тадбирга кириш эркин тарзда.



























