Ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг бешинчи кунида 11та спорт тури бўйича иштирок этишди ва жами бешта медал қўлга киритишди.

Академик эшкак эшиш

Куннинг биринчи қисмида академик эшкак эшувчилар жамоаси медаллар дастасини қўлга киритишди. Жуфтлик баҳсларида Шаҳбоз Холмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборов ўз чиқишларида маррага биринчи бўлиб етиб боришди ва олтин медални терма жамоа ҳисобига қўшиб қўйишди.

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаевc

Сўнгра Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиевдан ташкил топган бошқа бир жуфтлик медаллар учун стартга чиқишди ва иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлишди.

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

Тўртлик баҳсларида иштирок этган Ўзбекистон вакиллари эса (Исламбек Мамбетназаров, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов) бронза медалини спорт делегациямизга тақдим этишди.

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

Таэквондо WTF

Таэквондо бўйича -49кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган 17 ёшли Мадинабону Маннопова мусобақа давомида Ҳонгконг, Ливан ва Япония вакилларини мағлубиятга учратиб, финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда эса таиландлик Панипак Вонгпаттанакитга имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль соҳибасига айланди.

-68 кг вазн тоифасидаги Ҳожиакбар Зокиров илк жангида афғонистонлик Шариф Муродини 21:6 ҳисобида мағлубиятга учратди. Аммо у кейинги босқичда эронлик Амирмуҳаммад Баҳшикалорига 4:24 ҳисобида ютқазиб қўйди.