Бу қайноқ чиқишлардан шундай хулосага келиш мумкин: энди юзинг-кўзинг деб ўтирадиган замон ўтди, ҳамма айтар гапини дангал айта бошлади, барча пардалар кўтарилган. Нетаняҳу энди майдалашиб ўтирмай, Исроил давлатининг иддаосини очиқ айтишга ўтди: «Яҳудийлар Жўлон тепалигида Мусо пайғамбар давридан буён яшайди, буни Инжилдан ўқиб олинг». Бутун бошли дунё минбаридан мана шундай ножиддий иддао янграгани энди ҳеч қандай мувозанат, ҳеч қандай чеклаб ўтиб бўлмайдиган маънавий чегара қолмаганини кўрсатади.
Бир давлат бошқа давлат ерларига Тавротда, Инжилда, Қуръонда ёзилган оятлар бўйича даъво қилиши фақат янги урушлар келтириб чиқариши мумкин холос. Муқаддас китобларни қўятурайлик, яқин тарихга алоқадор биргина иддао Европа шарқидаги охирги 80 йилдаги энг катта урушни бошлаб берди. Энди ўйлаб кўринг, ҳамма тарих китобини варақлаб, ўз иддаоларини илгари сурса, нима бўлади?
Биргина Чингизхон яратган империя ҳозирги қайси давлатлар устида ҳукмрон бўлганига қарашнинг ўзи кифоя. Ёки Македонский авлодлари «Бизнинг бобомиз фалон ерларда от чоптирган», деб чиқиши дунёнинг оёғини осмондан қилиш учун етарли. Ҳозир Нетаняҳу ҳукумати арабларни қувиб, ерларини босиб олишдан тўхтамаётган муқаддас ерлар кечагача Усмонлиларга, Биринчи жаҳон урушидан кейин инглизларга тегишли эди. Энди Нетаняҳу дунё минбарига чиқиб, ҳали у туғилмаган вақтда Исроил деган давлат асос солиниши учун Фаластинни иккига бўлиб берган БМТни беписанд қилиб, саҳнага ҳизбуллоҳчиларни портлатган пейжерни кўрсатмоқда. Бу дунёда ҳеч қандай маънавий чегара қолмади деган гапимизни исботлайди.
БМТда қайноқ ҳафта
Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси табиийки, Ню Йоркда ўтган БМТ саммити бўлди. Ташкилотга аъзолар бундай йиғилишларга давлати муҳим деб ҳисоблаган мавзуларни кўтариб боради. Масалан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1998 йил БМТ саммитида бутун дунёни Афғонистондаги назоратсиз вазият глобал хавф экани, бундай шароитда терроризм фаол ривожланишидан огоҳлантирганди.
2000 йил сентябрда марҳум президент Каримов Афғонистон бўйича огоҳлантиришини яна Ню Йоркдаги БМТ саммитида туриб такрорлайди. Роппа-роса бир йил ўтиб, 2001 йил сентябрда Каримов вазият издан чиққани ҳақида огоҳлантирган Афғонистонда туриб тайёрланган теракт орқали худди шу огоҳлантириш янграган шаҳар Ню Йоркни портлатишганди.
Каримов шубҳасиз, катта сиёсатчи эди, бунақа катта минбарларда қандай гапиришни яхши биларди. Бироқ ушбу ҳафтадаги саммит юқорида мисол қилганимиз каби мулоҳазали огоҳлантиришлар билан эмас, аламзада нутқлар, айбловлар, мантиқсиз иддаолар билан ёдда қолди.
Кириш қисмида тўхталганимиз – Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу нутқ сўзлашга чиққанда 70 га яқин давлат делегатлари зални тарк этди. Исроилликлар «зални тарк этганлар ташқарига чиқиб, Бибининг нутқини телевизорда кўришгани» ҳақида ҳазил қилишди. Лекин мен бу нутқни жонли эфирда диққат билан томоша қилдим. Унинг аскар чиқишларини кўриб бораман, чунки кимнидир кузатмай туриб танқид қилиш тўғри эмас. Нетаняҳу жуда харизматик сиёсатчи, инглизчада ҳам бурро-бурро гапиради, унинг инглизчаси ниҳоятда тушунарли.
БМТдаги чиқишида Нетаняҳу ҳисоб-китоб дафтарини очиб, рўйхат бўйича ҳаммани дипломатчасига сўкиб чиқди. Туркия президенти Эрдўғанни золим деб атаб, «мухолифатчиларни ўлдириш, журналистларни қамаш, арманлар қирғинини тан олмасликда» айблади. Ню Йорк ҳокими Мамданини уни ҳибсга олишга чақиргани учун шарманда деди, «ҳокимнинг хотини ҲАМАСнинг ҳужуми оқланган постларга like босганини» айтишга ҳам улгурди. Франция ва Британияни Исроил ҳақида ёлғон тарқатишда айблади. Хуллас, ҳеч ким қолиб кетмади. Охирида залда қолган уч тўрт кишини сергак торттириб, «Ҳизбуллоҳ»ни мана шулар билан портлатгандик», деб чўнтагидан пейжер чиқарди.
Нетаняҳудан ташқари Украина президенти Зеленскийнинг нутқи ҳам эсда қоларли бўлди. Украина президенти Россия йил бошидан буён йўқотган аскарлари сони кичикроқ давлат аҳолисига тенг эканини айтди, руслар ҳар бир эгалланган км учун 248 одам йўқотаётгани эслатди, Путинни «урушни катталаштираётган нолинчи рақамли бемор» деб атади, яъни у – patient zero деди. Тиббиётда бирор касаллик ёки вирус тарқалишини бошлаб берган энг биринчи бемор шундай аталади. Бу ўхшатиш билан Путинни уруш ғоясини тарқатувчи деб кўрсатди.
Эрон президенти Америкада
БМТ саммитидаги яна бир эсда қоларли чиқиш муаллифи Эрон президенти Масъуд Пизишкиён бўлди. Эрон президенти саммитда ноодатий бирор гап айтмади, Америка мактаб болаларини ўлдиргани, спортзалда болалар ўйнаётганида бомба тушгани каби олдин ҳам таъкидланган фактларни такрорлади. Лекин Эроннинг иккинчи рақамли одами Америкага борганининг ўзи қизиқ воқеа бўлди. Америка йил бошидан буён Эрон билан урушиб ётибди, Теҳронда ўлдирмаган сиёсатчиси, диний раҳбари қолмади. Лекин Эрон президенти ҳеч нима бўлмагандек Америкага бориб, Американи танқид қилиб нутқ сўзлади. Бу Америка чиндан сеҳрли диёр.
Россияда сайловлар
Айтганча, ҳафта давомида Россияда парламент сайловлари натижаси эълон қилинди. Расмий ҳужжатларга кўра, рекорд давомат билан ўтган сайловда Путиннинг партияси рекорд натижа билан ғолиб бўлди. Бошқача бўлиши мумкин эмасди ахир. Кремл учун уруш даврида парламент сайловларини ўтказиб олиш муҳим эди.
Тўғрироғи, шунчаки сайлов ўтказиб, «Единая Россия»нинг катта фарқдаги ғалабасини кўрсатиш эмас, урушга қарши бўлган ҳар қандай номзод камситиш даражасида паст овоз олганини «Россия 24» томошабинларига кўрсатиш муҳим эди. Яхшими-ёмонми, бир амаллаб шундай картинани кўрсата олишди. Россия мухолифати «ҳукмрон партия аслида эълон қилинганидан анча паст овоз олганини» айтиб чиқмоқда, лекин буни исботлаб бўлармиди.
Хитой раиси АҚШга борди
Ҳафта давомида Хитой раиси Си Жинпинг ҳам АҚШга борди. Йўқ, БМТ саммитида нутқ сўзлаш учун эмас, чинликлар бу ташкилот Хавфсизлик Кенгашида бўлса ҳам, уни аллақачон жиддий қабул қилмай қўйган. Си АҚШга давлат ташрифи билан борди. Уни аэродромда шахсан Трамп кутиб олди, шоҳона қабул ўтказди, зўр зиёфат берди. Лекин айтилаётган баёнотлардан дунёнинг икки лидери қандайдир муҳим келишувга эришганга ўхшамайди. Балки ёпиқ қандайдир келишув бўлгандир, бунисини тез орада Америка нашрларининг «разведкадаги манбаларидан» билиб оламиз.
«Ракетада бораман»
Энди энг шов-шувли янгиликка келдик, фейк тарқатишни яхши кўрадиган сариқ Telegram-каналлар чақмоқча белгиси билан «тарқатворинглар» деб ёзса арзийдиган хабар. Украина президенти Володимир Зеленский Россияга бораркан! Фақат нюанс бор, ракетада борар экан. БМТда нутқини якунлаб чиққан Зеленскийдан ўша ердаги россиялик журналист «Қачон Россияга борасиз?» деб сўради.
Зеленский барибир сўз устаси, бошқа мавзуда гаплашиб кетаётган бир вақтда бир лаҳза ўша россиялик журналистга қаради-да, «ракетада» деди. Яъни «Москвага ракетада бораман», деди. Россиялик пропагандачи «Қачон Москвага бориб таслим бўласиз?» деб Зеленскийни мот қилиб қўймоқчи бўлди, лекин биргина сўздан иборат ниҳоятда кучли жавоб олди. Бу кичик эпизод бир ўлмас ҳақиқатни яна бир бор эслатди: душманни менсимаслик мағлубият томон ташланган биринчи қадамдир. Омон бўлинг.















