Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тахминан 1,25 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. 2017 йили ташкилот эълон қилган ҳисоботга кўра, 15-29 ёшлар орасидаги шахслар ўлимига олиб келувчи энг катта сабаб айнан автомобиль билан юз берадиган ҳодисалар ҳисобланади.
Шунга кўра, бир қатор ривожланган давлатлар, хусусан Швеция, Австралия, АҚШ, Буюк Британия ва Канада мамлакатнинг «Хавфсиз йўл» миллий стратегиясини қабул қилган. Улар орасида Швеция ушбу ташаббусни 1997 йилда қўллаб-қувватлаган илк давлат саналади. Натижа қандай? Масалан, ўтган йили 8,1 миллион киши истиқомат қилаётган Лондон шаҳрида 11 минг ЙТҲ қайд этилган бўлиб, унда 8 киши вафот этган.
Ўзбекистон автомобиль йўлларида эса бир ҳафтада (19 август ҳолатига кўра) жами 173та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Натижада ушбу ҳодисаларда 46 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 166 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Лондондан расман уч марта кам аҳоли яшайдиган Тошкент шаҳрида 7 кун ичида 3 киши ЙТҲда ҳалок бўлди.
Менимча, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишга арзигулик сабаблар талайгина: ЙТҲда вафот этаётган фуқаролар ва унда иштирок этаётган ҳайдовчилар масаласи анча жиддий мавзуга айланди. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов ҳам ЙТҲга учрагандан сўнг, савол туғилади: муаммо қаерда? ЙҲХБ ходимидами? Ҳайдовчида ё унга гувоҳномани қўлига тутқазиб юборган муассасадами? Балки, муаммо ҳаракат иштирокчиси эканини унутиб қўйган пиёданинг бўйнидадир?
Рақамларга мурожаат қилсак, ҳар йили содир бўладиган ЙТҲ оқибатида тахминан 50 миллион шахс тан жароҳат олиши айтилади. Бу соҳада ижобий натижага эришиш учун муаммони кимнингдир чўнтагидан қидириш самара бермайди. Фақат жамоат ҳуқуқшунослиги ва кишиларнинг йўл ҳодисасига муносабати ўзгариши билан бу масала яхши тарафга юз буради.
Айни пайтда Ўзбекистон йўлларида кузатилаётган транспорт билан юз бераётган кўнгилсиз ҳодисаларга нималар сабаб бўлмоқда? Аввало, бу саволга жавоб топиш учун ҳайдовчиларнинг фикрини ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилиш мумкин:
- йўлдаги ҳаракат белгиларининг номувофиқ ўрнатилиши, тақиқ ва чеклов функциясига эга белгиларнинг ҳаддан зиёд ортиқча кўпайиб кетгани;
- кўчаларнинг номи аниқ кўрсатилмагани ҳаракатланишда ортга қайтиш, манзилни аввалдан режалаштиришга имкон бермаслиги;
- ЙҲХБ ходимлари томонидан тирбандлик доимий жиловланмай, ўз ҳолига ташлаб қўйилгани;
- пиёдаларнинг элементар йўл-ҳаракати қоидаларини менсимай, машиналар учун светофорнинг яшил чироғи ёнганда ҳам ҳаракатда давом этиши;







