«Барселона» ҳужумчиси Пако Алькасер фаолиятини Дортмунднинг «Боруссия» клубида давом эттиради.
Kicker манбаси маълумотига кўра, каталонлар клуби ушбу 24 ёшли футболчисини кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йил муддатга 2 миллион евро эвазига ижарага беришга рози бўлган. Немислар жамоаси мавсум якунлангач, футболчини 26 миллион еврога трансфер қилиши мумкин.
Алькасернинг ўзи фаолиятини Германияда давом эттиришни истаган, бу жамоа сафида у доимий равишда Чемпионлар лигаси ўйинларида иштирок этиши мумкин.
Бундан аввалроқ футболчига «Бетис», «Алавес» ва «Порту» клубларидан қизиқишлар мавжудлиги ҳақида хабарлар берилганди.
Пако Алькасер - «Валенсия» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У бу жамоа сафида барча турнирлар доирасида 124 ўйин ўтказган ва 43 гол урган. У 2016 йил ёзида «Барселона»га ўтганди. У каталонлар жамоаси билан бир марта Испания чемпионатида ғолиб чиқди ва икки марта мамлакат кубогини қўлга киритди.
Каталония жамоаси сафида жами 50 ўйинда майдонга тушган Алькасер 15 гол урган. У Испания чемпионати доирасида 14 ўйин ўтказган, шундан фақат икки мартасида бошланғич таркибда ҳаракат қилган.
Ҳужумчи Испания терма жамоасида 2014 йилда дебют қилган. У миллий терма жамоа учун жами 13 ўйинда майдонга тушиб, 6 гол урган. 2016 йилги Европа чемпионати саралашида у 5 голга муаллифлик қилиб, энг яхши тўпурар бўлганди, аммо у турнирга олиб кетилмади.













