Тожикистон мудофаа вазирлиги авиазарба бўйича баъзи ОАВ вакиллари тарқатган хабарни рад этди.

Мудофаа вазирлигининг айтишича, Тожикистоннинг Афғонистон ҳудудида ҳаво ҳужумини амалга оширмаган. Тожикистон бошқа давлат ҳудудига ҳаво ҳужумини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмаслиги, агар шундай ҳолат юз берадиган бўлса, аввал бу масалани  Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти кўриб чиқиши билдирилган.

ТАСС ахборот агентлигининг Khaama Press агентлиги маълумотларига таяниб хабар беришича, Тожикистон самолёти якшанбадан душанбага ўтар кечаси Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисмидаги Тахор провинцияси, Даркад вилоятига ҳаводан зарба берган.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумлари якшанба куни маҳаллий гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчилар ва Тожикистон чегарачилари ўртасидаги тўқнашувлардан кейин содир бўлган. Натижада, икки нафар чегарачи ҳалок бўлган.