Ўзбекистонда фаолият юритувчи электрон оммавий ахборот воситалари бўлмиш KUN.UZ, Xabar.uz ва Daryo.uz ходимлари ижодий сафар билан АҚШда бўлиб қайтди. Сафар давомида Қўшма Штатларнинг гўзал табиати, америкаликларнинг самимий табассуми, маданияти ва қадриятлари, қизиқарли суҳбатлар ва муҳим учрашувлар бизда чуқур таассурот қолдирди. Шулардан бири Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича раҳбари Гулноза Саид билан бўлиб ўтган суҳбатимиздир. Унда қўмита фаолияти ва унинг ютуқлари, Ўзбекистон матбуотидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.

- Авваламбор, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва Нью-Йорк шаҳрига хуш келибсиз. Бизнинг ташкилот 1981 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Биз бутун дунё бўйлаб журналистларни ҳимоя қиламиз. Қизиғи шундаки, бизнинг ташкилотга ўзбекистонлик журналистлар кўп ҳам мурожаат қилаверишмайди. Тўғрисини айтсам, қачон охирги марта ўзбек журналистларини менга мурожаат қилишгани ёдимда йўқ. Ўзбекистонда матбуот эркинлиги, журналистлар фаолияти борасида кенг кўламли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.

Биз ноҳукумат-нотижорат ташкилотмиз. Ўзимизнинг мустақиллигимиз, холислигимизни сақлаб қолиш учун ҳеч қайси ҳукуматдан бир тийин ҳам маблағ олмаймиз. Шу билан бирга, хорижда ўтадиган халқаро конференцияларга ҳам ўз маблағларимиз эвазига борамиз. Бизнинг Нью-Йоркда жойлашганимизни билган айримлар бизни Америка ташкилоти, деб ўйлашади. Аслида, қўмита бир гуруҳ журналистлар ташаббуси билан тузилган ва у мустақилдир. Турли хусусий корхоналарнинг, жисмоний шахсларнинг бизга ҳомийлиги эвазига молиявий жамғармамиз шаклланиб боради. АҚШ ва Европада агар компаниялар, корхоналар ҳомийликка пул ажратишса, уларнинг солиқ тўлашларида имтиёзлар бўлади. Шу билан бирга улар ҳомийликка ажратган маблағлари устидан назорат ўрнатиш ҳуқуқига эга эмаслар. Шу сабаб биз мустақиллигимизни сақлаб қолган ҳолда, ўзимиз истаган воқеани, ўзимиз истаган тарзда ёритамиз. Ҳеч ким бизга бир мақолани ундай ёки бундай кўринишда чиқаринглар дея олмайди. Қонунчилик шуни тақазо этади.

Бизнинг қўмитада ишлаётган ходимларнинг аксарияти журналистика оламидан кириб келишган. Биз журналистика методларидан фойдаланган ҳолда мана шу касб эгаларини ҳимоя қиламиз. Энг катта жамоамиз айнан Нью-Йоркда жойлашган. Бундан ташқари, Вашингтон, Брюссел шаҳарларида ҳам бор. Шу билан бирга турли мамлакатларда ўз мухбирларимизга эгамиз. Улар ўша давлатлардаги воқеаларни бизга хабар тарзида юборишади ва биз ўша хабарларни журналистика тамойилларига амал қилган ҳолда ўрганиб чиқамиз. Масалан, икки мустақил манбага таянган ҳолда хабарларни ёритиш.