15:12 / 01.09.2018
16725

2018 йил ёзининг энг муҳим 10та трансфери

Европанинг етакчи чемпионатларида трансфер ойнаси қишгача ёпилди. Россиянинг Championat.com сайти журналисти Анатолий Романов ёзнинг энг муҳим 10та трансферини ажратиб олди.

10. Александр Головин (ЦСКА - «Монако»)

ЦСКА яримҳимоячиси Александр Головин 30 миллион евро эвазига «Монако» клубига ўтди. Натижада, бу трансфер бир йўла иккита рекордни янгилади: у ЦСКА клуби тарихидаги ва россиялик футболчилар орасидаги энг қиммат трансфер бўлди. Головин жаҳон чемпионатида ўзини ёрқин намоён эта олди. У Россия терма жамоасининг келажаги сифатида кўрилмоқда. 

9. Квинси Промес («Спартак» - «Севилья»)

Россия чемпионатининг энг яхши тўпурари «Спартак» клубини тарк этиб, 21 миллион евро эвазига «Севилья»га ўтди. Бу кутилмаган трансфер бўлди. Ҳеч ким «Спартак» клубининг ўз етакчисини қўйиб юборишига ишонмаган эди. Аммо, жамоада Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқа олмаганлик натижасида, молиявий фэйр-плей билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. Натижада, энг яхши ўйинчиларидан бири сотиб юборилди.

8. Кепа Аррисабалага («Атлетик» - «Челси»)

«Челси» клуби «Атлетик» посбони Кепа Аррисабалага учун 80 миллион евро тўлади. Натижада, 23 ёшли испаниялик тарихдаги энг қиммат дарвозабонга айланди. Номи чиқмаган футболчи учун бунчалик катта пул тўланиши ҳаммани ҳайрон қолдирди. Кепа «Челси» таркибида АПЛнинг дастлабки учта ўйинида майдонга тушиб, 3та гол ўтказиб юборган.

7. Тибо Куртуа («Челси» - «Реал»)

«Челси» клубининг етакчи дарвозабони Тибо Куртуа Мадридга, оиласи даврасига қайтишни жуда хоҳлади ва шартномани узайтиришдан бош тортди. Бундан ташқари, бельгиялик футболчи машғулотларга келмай қўйди ва турли услубларда норозилик билдира бошлади. Натижада, «Челси» уни 35 миллион евро эвазига «Реал»га сотишга мажбур бўлди. Энди у Мадридда Чемпионлар Лигаси ўтган мавсумининг энг яхши дарвозабони Кейлор Навас билан рақобатлашади.

6. Алиссон Бекер («Рома» - «Ливерпуль»)

«Рома» дарвозабони Алиссон 70 миллион евро эвазига «Ливерпуль»га ўтди ва қисқа вақт бўлса-да, дунёнинг энг қиммат посбонига айланди. Бир неча ҳафтадан сўнг, унинг рекордини Кепа янгилади. Бироқ, бразилиялик ҳозирча АПЛда энг ишончли дарвозабон бўлиб турибди. Дастлабки учта ўйинда у бирорта гол ўтказиб юбормаган.

5. Жанлуижи Буффон («Ювентус» - «ПСЖ»)

«Ювентус»да 17 мавсумни ўтказган дарвозабон Жанлуижи Буффон «ПСЖ» билан шартнома имзолади. 40 ёшли посбон эркин агент мақомида парижликлар сафига бепул қўшилди. У ҳамон Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишни орзу қилмоқда ва «ПСЖ» билан буни уддалаши мумкин. 

4. Леонардо Бонуччи ва Гонсало Игуаин («Милан» ва «Ювентус» ўртасидаги алмашув)

Ўтган йили «Милан» сафига қўшилган ҳимоячи Леонардо Бонуччи «Ювентус»га қайтишни хоҳлади. Томонлар бу трансферни ўзига хос тарзда амалга оширдилар. «Ювентус» собиқ футболчиси учун ҳимоячи Маттиа Кальдарани қўшиб берди. Бундан ташқари, ҳужумчи Гонсало Игуаинни 18 миллион евро эвазига ижарага берди. «Милан» уни мавсум охирида 36 миллион евро эвазига сотиб олиши шарт.

3. Риёз Маҳрез («Лестер» - «Манчестер Сити»)

«Лестер»нинг жазоирлик футболчиси январь ойида «Манчестер Сити»га ўтиши мумкин эди. Аммо, «тулкилар» футболчини сотишни истамадилар. Ёзда эса «Манчестер Сити» унинг трансфери учун 67,8 миллион евро тўлашга рози бўлди. Натижада, бу харид энг қиммат ёзги трансферлар рўйхатида 4-ўринни эгаллади. Маҳрез янги жамоада ўзини намоён эта оладими ёки йўқми - буни вақт кўрсатади.

2. Тома Лемар («Монако» - «Атлетико»)

Лемар трансфери энг қиммат харидлар рўйхатида учинчи бўлди. Мадрид клуби Франция терма жамоаси яримҳимоячиси учун 70 миллион евро тўлади. Айтишларича, айнан шу трансфер туфайли Антуан Гризманн «Барселона»га ўтиш ниятидан қайтган. У Лемар билан жамоа Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиши мумкинлигига ишонмоқда. 22 ёшли футболчи янги клубида Суперкубок ва Примера доирасида учта ўйин ўтказди, аммо, ҳозирча сермаҳсул ҳаракатларни амалга оширмади.

1. Криштиану Роналду («Реал» - «Ювентус»)

«Олтин тўп»нинг амалдаги соҳиби ёзда трансфер рекордини ўрнатди. «Ювентус» футболчи учун 112 миллион евро тўлади. Роналдунинг 33 ёш эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бу жуда қиммат туюлиши мумкин. Бу ёшдаги футболчи учун аввалроқ кўпи билан 42 миллион евро тўланган («Милан» клуби Бонуччи учун «Ювентус»га шунча берган). Аммо, шифокорлар тиббий кўрикдан сўнг, Роналдунинг танаси 20 ёшли йигитчадек эканини эълон қилишди.

Ҳозирча португалиялик «Ювентус» таркибида 2та ўйинда майдонга тушди, аммо ҳали гол уролмади.

Top