Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида бўлгани каби Навоий шаҳрида ҳам кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу яхши албатта. Аммо, шаҳар кўчаларини кенгайтириш режасини амалга ошириш чоғида айрим оилаларга товон пули бериш рад этилмоқда. Уларнинг уйлари бузилган, бироқ шаҳар ҳокимлиги уй ўрнига ер берилганини айтиб, товон пули бермаяпти. Kun.Uz мухбири муаммо нимада эканини ўрганиш учун шаҳарнинг “Янгиариқ” ва “Истиқлол” маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашиб, уларнинг сўзларига қулоқ тутди.
“Биз товон пули масаласида шаҳар ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ. Адлия, халқ қабулхоналари, Президент портали каби идораларга мурожаат қилдик. Шаҳар ҳокимлиги юристи Абдували Аҳадов судга ариза ёзишимиз кераклигини айтди. Cуд муҳокамаларида шаҳар ҳокимининг уйларимиз бузилишга тушганига доир қарорини кўрсатиш талаб қилинди. Бироқ ҳокимлик юристи қарорни олиб келмади, аниқроғи бундай қарор мавжуд эмаслигини айтди”, - дейди мурожаатчилардан бири.
Унинг айтишича, кейинчалик маъмурий судга мурожаат қилишни айтишган. Маъмурий суд уларнинг аризасини рад қилган. Сўнгра иш фуқаролик судига кўчган. Бу ерда ҳам ҳокимнинг уйларни бузишга доир қарори мавжуд эмаслиги айтилиб, ариза рад этилган.

Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, улар Навоий шаҳар Халқ қабулхонаси раҳбари билан учрашганда, у шаҳар ҳокимига қўнғироқ қилиб, нима қилиш борасида маслаҳат сўраган. “У фуқаролар дардини эшитиши ва имкон қадар ечимини топиши учун шу жойга раҳбар қилиб тайинланган, лекин Халқ қабулхонаси раҳбарининг ҳокимдан маслаҳат сўрашини қандай изоҳлаш мумкин”, - уйсиз қолган фуқаролардан бири Гулбаҳор Рашидова.

Суд маҳкамаси ҳар бир уйни бузишга доир, товон пули миқдори ва ер ажратиш масаласига ойдинлик киритилган ҳоким қарорини талаб қилмоқда.
Аҳоли фикрларини тинглаганимиздан сўнг, шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Иброҳим Қодиров ҳамда ҳокимлик юристи Абдували Аҳадов билан учрашдик ва масалага изоҳ сўрадик. Бу жараёнда илтимосимизга биноан мурожаатчилар ўзлари ҳам иштирок этди.

Иброҳим Қодировнинг тушунтиришича, ҳоким қарорида уйи бузилаётган фуқароларга товон пули бериш масаласи киритилмаган, аксинча товон сифатида фақат жойга-жой сифатида ер майдони берилиши қайд этилган. Шу сабабли уларга ер майдони тақдим этилган, холос.












