Навоий шаҳри ҳокимлиги «Ҳаёт» маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ҳақидаги суратларда сунъий интеллект технологиясидан фойдаланилганини тан олди ва узр сўради.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларга материалларни тайёрлаш ва жойлаштириш жараёнида масъул ходимлар томонидан «эътиборсизликка йўл қўйилган». Маҳалла ҳудудидаги ўзгаришларни «кўргазмали ва сифатлироқ форматда» тақдим этиш мақсадида дизайн жараёнида сунъий интеллект элементларидан фойдаланилган ҳамда ушбу материаллар текширувдан ўтказилмасдан эълон қилинган.
Ҳокимлик ушбу ҳолат ва жамоатчиликнинг ўринли эътирозлари учун узр сўраб, материалларни тайёрлашга масъул бўлган ходимлар огоҳлантирилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, «Ҳаёт» маҳалласида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида ҳақиқатда ҳам қатор амалий ишлар бажарилган. Натижалар сунъий эмаслиги, балки реал эканини кўрсатиш мақсадида расмий муносабатга ҳудуднинг бугунги кундаги ҳақиқий (ишлов берилмаган) фото ва видео лавҳалари илова қилинган.
Навоий шаҳрининг «Ҳаёт» маҳалласида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги фотоҳисобот 2 август куни ҳокимлик томонидан эълон қилинди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари суратлардаги айрим деталлар сунъий интеллект технологияси ёрдамида ўзгартирилган бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди. Жумладан, эскирган девор, кўчган сувоқ ва қаровсиз ҳудудлар деярли идеал даражада янгиланган. Суратлар сунъий интеллект ёрдамида махсус сервисда текширилганда ишлов берилганлик белгилари аниқланган эди.











