«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи, 1987 ва 1993 йилларда туғилган икки нафар шахс 212,9 грамм қуйма олтинни харидорга 340 млн сўмга сотишга келишгани аниқланган.

Улар харидорга 999 пробали 26,3 грамм олтинни бериб, қолган қисмини кейинроқ етказиб беришини билдирган. Шундан сўнг 20 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўмни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбирлар давомида гумонланувчилардан бири ўз яшаш хонадонида қум таркибидан олтинни ажратиб олишга мўлжалланган яширин цех ташкил қилгани ҳам маълум бўлган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.