Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани «Олмазор» маҳалласи Муртак қишлоғи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.
«Қишлоғимизда 53-мактаб филиали жойлашган. Мактаб филиали бинолари ва мактаб жиҳозлари жуда аянчли аҳволда, ўқувчиларни таълим олиши учун умуман шароит йўқ. Ушбу ҳолат юзасидан туман мутасадди ташкилотларига бир неча бор муражаат этдик. Муаммони ҳеч ким ҳал қилиб бермаяпти. Сизлардан илтимос, шу масалани ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейилади мурожаатномада.
Мурожаатда кўрсатилган муаммоларни жойида ўргандик. Янги ўқув йили арафасида мактаб филиали ҳақиқатан ҳам аянчли аҳволда.

Зарафшон дарёсига яқин жойлашган ушбу қишлоқдаги мактаб филиали биноси 1990 йил мактабгача таълим муассасаси сифатида қурилган. Кейинчалик 53-умумий ўрта таълим мактаби филиалига айлантирилган. Айни вақтда мактаб филиали таъмирталаб. Ўқувчилар учун янги атиги 2 та синфхона таъмирланган. Аммо жиҳозлари жуда эски ҳолатда.

Қолган хоналар тайёр эмас.



Айни вақтда мактаб филиалида 32 нафар ўқувчи 4-синфгача таълим олади. Иккита синфхона 1-, 2-, 3-, 4-синф ўқувчиларига мўлжалланган. 1-, 3-синфлар учун битта синфхонада, 2-, 4-синфлар учун бир синфхонада комплект синфлар сифатида таълим берилади. Ўз-ўзидан маълумки, бу таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу мактаб филиалида бор-йўғи 3 нафар ўқитувчи бор.
Мактаб филиалида ичимлик суви тармоғи ҳам йўқ. Ҳожатхоналари антисанитар ҳолатида.

Бирорта ўйингоҳ ёки спорт майдончалари йўқ. Иситиш тизими мавжуд эмас. Совуқ кунларда қўлбола печкаларда иситилади.

Мактаб филиали ўқитувчилари айтишича, мактаб таъмирининг кўп қисмини ҳам ўз ойлик маошлари ҳисобидан амалга оширган. Мактабда таълим оладиган ўқувчилар ота-оналаридан мактаб филиали таъмири учун 10 минг сўмдан пул йиғиб олинган.















