Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани «Найман» маҳалласидаги Қиймадўз қишлоғининг бир гуруҳ фуқароларидан Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди. Унда қишлоқдаги бир қатор муаммолар баён этилган ва уларнинг ҳал этилишида амалий ёрдам сўралган.

Мурожаатномада қайд этилган аҳолини қийнаётган масалаларни жойида бирма-бир ўргандик.

Қиймадўз қишлоғида бугунги кунда 200га яқин хонадон бўлиб, бу ерда 1000 нафарга яқин киши истиқомат қилади. Ушбу қишлоқ Навоий вилоятининг Хатирчи тумани маркази билан чегарадош. Ўртасидан Оқдарё дарёси оқиб ўтган. Қишлоқ аҳолисининг Хатирчи туманига қатнови учун 1987 йилда дарёда темирдан кўприк қурилган. Бу кўприкдан нафақат хатирчиликлар, унга яқин бўлган бир нечта қишлоқ аҳолиси фойдаланиб келади. Айни вақтда кўприк ҳолати яхши эмас. Хавфсизлик меъёрларига умуман жавоб бермайди. Аҳолини қийнаётган асосий масалалардан бири шу.

Сабаби — қишлоқ болаларининг аксарияти Хатирчи тумани марказида жойлашган Янгиработ шаҳарчасидаги рус тилида таълим бериладиган мактабга қатнайди. Қишлоқ аҳолиси деярли ҳар куни турли юмушлар, эҳтиёжлар ва бозор-ўчар учун Янгиработга шу кўприк орқали боради. Қишлоқ аҳолисининг айтишича, ўтган йили кўприкдан бир мактаб ўқувчиси тушиб кетиб, вафот этган.

— Ушбу кўприк ҳолатидан хабаримиз бор, — дейди Каттақўрғон туман ҳокимлиги қурилиш бўйича бош мутахассиси М.Расулов. — Кўприкни таъмирлаш чораларини кўрамиз. Ҳеч қандай дастурга киритилмагани боис ҳомийларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз.

Қишлоқ фуқароларининг айтишича, кўприк таъмири учун бир неча марта пул йиғишган, аммо маблағ кўприкни қониқарли даражада таъмирлаш учун етарли бўлмаган. Каттақўрғон тумани ҳокимлигига шу масалада кўп бора мурожаат қилишган. Бироқ амалий ёрдам берилмаган.

Яна бир масала. «Қишлоқдан Каттақўрғон туман маркази Пайшанба шаҳарчасигача бўлган 37 километрлик йўл абгор ҳолатда. Автомобиллар масофани 1,5–2 соатда йўл териб босиб ўтади. Туман мутасаддилари ҳар йили йўлимизни тузатиш ҳақида қоп-қоп ваъда бергани билан амалий натижа бўлгани йўқ. Ҳатто фермерлардан йўлни тузатамиз, деб пул ҳам йиғишган. Лекин «алдагани бола яхши», дейишганидек, фалон дастурга киритилди, деб алдашади. Айтинг-чи, бу дастурбозликларнинг охири борми?»,