Шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи эркаклар жамоаси Самарқанддаги 46-шахмат олимпиадасида биринчи ўринни қўлга киритди.
Сўнгги 11-турда Украинага қарши ўйин якунланмасдан чемпионлик кафолатланди, чунки жамоанинг чемпионлик курашидаги асосий рақиби бўлган Ҳиндистон Венгрия билан дуранг ўйнаб қўйди ва Ўзбекистон биринчи ўринни ўзида сақлаб қоладиган бўлди.
Ўзбекистон – Украина 2,5:1,5
Нодирбек Абдусатторов (2762) – Игор Коваленко (2642) 0,5:0,5
Жавоҳир Синдаров (2778) – Василий Иванчук (2630) 0,5:0,5
Нодирбек Ёқуббоев (2685) – Игор Самуненков (2608) 0,5:0,5
Муҳиддин Мадаминов (2611) – Роман Дехтярёв (2508) 1:0
Шу тариқа, Ўзбекистон 11 турда 22 имкониятдан 20 очко жамғарди ва биринчи ўринни эгаллади. Ҳиндистон (18) иккинчи, Германия (18) учинчи бўлди.
Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминовдан иборат бўлган жамоа турнир бошидан буён ғолиблик учун асосий даъвогар бўлиб турганди.
Ўзбекистон мусобақанинг дастлабки 7 турида 100 фоизлик натижа қайд этди. Бу оралиқда Ҳиндистон (2,5:1,5) ва Хитой жамоалари (3:1) мағлуб этилди. 8-турда Германия ғалабали серияни тўхтатди, аммо Рустам Қосимжонов сардорлигидаги жамоа дарҳол ўзига келди: 9-турда турнирнинг биринчи рақамли сараланган жамоаси ҳисобланган АҚШ мағлуб этилди, 10-турда эса Арманистон ҳам таслим этилди.
Барча натижалар
1-тур. Ўзбекистон – Ямайка 4:0
2-тур. Ўзбекистон – Перу 3,5:0,5
3-тур. Ўзбекистон – Австрия 3:1
4-тур. Ўзбекистон – Туркия 2,5:1,5
5-тур. Ўзбекистон – Венгрия - 4:0
6-тур. Ўзбекистон – Ҳиндистон 2,5:1,5
7-тур. Ўзбекистон – Хитой 3:1
8-тур. Ўзбекистон – Германия 1,5:2,5
9-тур. Ўзбекистон – АҚШ - 2,5:1,5
10-тур. Ўзбекистон – Арманистон 3,5:0,5

















