Путин Россиянинг НАТОга ҳужум қилмаслигини айтмоқда, аммо Болтиқбўйидаги русийзабонларни ҳимоя қилиш учун халқаро ҳуқуқ доирасида жавоб бериш мумкинлигини ҳам таъкидламоқда. Бу нимани англатади?
Шавкат Саидов: Менинг назаримда, бу фикрга тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Чунки Россия Украина уруши натижасида ўзининг ҳарбий ва иқтисодий салоҳияти кутилган даражада эмаслигини кўрсатди. Бунинг устига, кечагина Путиннинг ўзи ҳам Россиянинг Европа билан уруш қилиш нияти йўқлигини айтди. Лекин Болтиқбўйи давлатлари билан боғлиқ баёнотнинг тарихий сабаблари бор. Бу давлатларда Россия империяси давридан шаклланган хавотир мавжуд. Уларнинг ҳудудлари Пётр I, Екатерина II даврларида, XIX асрда ва кейинчалик Сталин даврида Россия ёки Совет Иттифоқи таркибига қўшилган. Шу сабабли уларда Россия томонидан келиши мумкин бўлган хавф ҳақидаги қарашлар кучли.
Ҳатто ҳозир Латвияда ядро қуролини жойлаштириш имконини берувчи қонунчилик масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Бироқ бошқа томондан, бу давлатларда ҳам кескин, ҳатто урушқоқ риторика мавжуд. Масалан, Сикорский Полшада Россия билан уруш юз берса, Россияни олти-саккиз ҳафта ичида мағлуб этиш мумкинлигини айтган. У бу фикрни Киевдаги форумда билдирган эди. Бунга жавобан Патрушев ҳам, агар Полша Россия билан урушса, Россияга икки-уч кун етарли бўлишини айтди.
Ҳозир Ғарб матбуотида ҳам айнан шу икки-уч кун ҳақидаги фикрлар кенг муҳокама қилинмоқда. Яъни, бу ерда маълум даражада сиёсий ва ахборот ўйинлари ҳам кетмоқда. Лекин мен бир нарсага ишончим комил, Россиянинг НАТО билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга киришиши жуда катта хавф туғдиради. НАТО Россияга нисбатан иқтисодий ва ҳарбий салоҳият жиҳатидан бир неча баробар, айрим кўрсаткичлар бўйича эса ўнлаб марта катта имкониятларга эга. Россиянинг эса катта ҳудуди ва салмоқли ҳарбий салоҳияти бор. Шу билан бирга, Россия томони: “Агар биз шунчалик заиф бўлсак, унда нега сизлар Россиянинг Европага ҳужум қилишидан хавотирдасизлар?” деган саволни ўртага қўймоқда.
Россия Европага ҳужум қилиш нияти йўқлигини ҳам очиқ айтмоқда. Шунинг учун, менинг назаримда, бу масалага фақат бир томоннинг позициясидан қараш тўғри эмас. Украина масаласида ҳам Россиянинг асосий талаби НАТОнинг шарққа кенгаймаслиги ва Украинанинг НАТОга қўшилмаслиги билан боғлиқ эди. Шу билан бирга, Украина Европа Иттифоқига қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги позиция ҳам илгари сурилган.
Камолиддин Раббимов: Биринчидан, Путин олдиндан аниқ прогноз қилиб бўлмайдиган сиёсатчи. Иккинчидан, унинг қарашлари, режалари ва иштаҳалари вазиятга қараб ўзгаради. Агар эртага Украина масаласида ёки бошқа йўналишда маълум бир муваффақиятга эришса, шунга яраша унинг иштаҳаси ҳам ортиши мумкин. Бугунги кунда Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият Путинга ишонмайди, ишона олмайди. Чунки Путин йиллар давомида халқаро ҳамжамиятни чалғитиб, ўз баёнотлари ва ваъдаларидан тактика сифатида фойдаланиб келди. У Ғарб сиёсатчиларига хос сиёсий мулоқот услубида иш тутмайди. КГБ тизимидан шаклланган сиёсий тажрибаси сабабли баёнот, ваъда ва музокараларни кўпинча тактик восита сифатида қўллайди.















