Ўзбекистон | 16:50 / 06.09.2018
20160
2 дақиқада ўқилади

Неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказига раҳбар тайинланди 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 август куни “Аҳолига неврологик ёрдам кўрсатиш хизматларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил қилинди. Эндиликда марказ неврологик касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг ягона вертикал тизимини яратиш, давлат тиббиёт ташкилотларининг неврология бўлимларини ташкилий-услубий бошқариш, экспериментал ва клиник неврология соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида комплекс илмий-амалий тадқиқотларни ва неврологик касалликларни ўз вақтида аниқлашга доир изланишлар билан шуғулланади.

Шунингдек, ҳужайра ва ген терапиясига доир инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш, скрининг тадқиқотларини татбиқ қилиш ҳамда инсульт, эпилепсия ва бошқа кенг тарқалган неврологик касалликлар қайд этилган беморларни рўйхатга олиш, неврология ва нейрореабилитология соҳасида ишловчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳа мутахассислари учун семинар-тренинглар, маҳорат дарсларини ўтказиш ва бунда хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ҳолда фаолият юритади.

Куни кеча янги ташкил этилган мазкур тиббиёт марказига Абдуфаррух Каримов директор этиб тайинланди. 42 ёшли тиббиёт фанлари номзоди А.Каримов узоқ йиллар давомида Россия ва Америка Қўшма Штатларининг қатор нуфузли даволаш муассасалари ва клиникаларида нейрохирург сифатида фаолият кўрсатиш билан бирга, малака ошириб, илмий изланишлар олиб борган. Рус ва инглиз тилларини мукаммал ўзлаштирган.

Маълумот учун А.Каримов бунга қадар Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Мавзуга оид