Бойқўнғирдаги «Энергия» РКК мутахассислари Бойқўнғирда сақланаётган «Союз МС-10» ва «Прогресс МС-11» космик кемалари корпусида ёриқларни қидириш ишларига киришди. Бу ҳақда РИА «Новости» ракета-космик соҳадаги манбага асосан хабар бермоқда.

«Бойқўнғир космодромига чоршанба куни «Энергия» Ракета-космик корпорацияси ва «Энергия» РКК Тажрибавий машинасозлик заводининг катта мутахассислар гуруҳи етиб келди. Улар «Союз МС-10» транспорт пилотли кемаси устида иш бошлади. Кеманинг расконвервацияси ва унинг тизимларини текширишга тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Яқин кунлардан бирида кема унда ёриқлар бор ёки йўқлиги масаласи бўйича текширувдан ўтказилади», - дея айтиб ўтган манба.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро космик станцияга йўл олган «Союз МС-09» космик кемасида кичик ёриқ пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Маълумотларга кўра, ёриқ кема Ерда бўлган пайтида атайин ҳосил қилинган.

Роскосмос раҳбари Дмитрий Рогозиннинг маълум қилишича, «Союз МС-09» космик кемасида ёриқнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ вазият анча тушунарсиз бўлиб, у Халқаро космик станцияда ҳам келиб чиққан бўлиши мумкин.