Жаҳон | 08:57
1262
3 дақиқада ўқилади

“Орион” Ер орбитасидан чиқиб, Ой сари йўл олди

“Орион” космик кемасининг двигателлари транслунар инжекция импулси деб аталувчи режимда ишга туширилди ва бу кемага тезланиш берди. “Артемида-2” миссияси экипажи учирилганидан бир сутка ўтиб, Ой томон ҳаракатлана бошлади.

Фото: NASA

Ойга парвоз қилаётган, бортида тўрт нафар астронавт бўлган “Орион” космик кемаси “Артемида-2” (Artemis II) миссияси доирасида Ер орбитасидан чиқиб, унинг табиий йўлдоши томон йўналди. Пайшанба, 2 апрел куни АҚШ шарқий соҳили вақти билан соат 19:49 да (Гринвич вақти билан 23:49, Марказий Европа вақти билан 00:49) кема двигателларига транслунар инжекция импулси берилди. Бу эса “Орион”га Ер орбитасидан чиқиш учун етарли тезланишни таъминлади.

АҚШ Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ этиш бошқармаси (NASA) маълумотига кўра, дастлабки ҳисоботлар ушбу босқич режада кўзда тутилганидек амалга ошганини кўрсатмоқда. Шу тариқа, миссия старт олганидан то унинг Ой томон парвози бошлангунга қадар бироз ортиқроқ 25 соат вақт ўтди.

“Артемида-2” лунар миссияси доирасидаги “Орион” космик кемаси 1 апрел куни АҚШ шарқий соҳили вақти билан соат 18:35 да Флорида штатидаги Канаверал бурунидан учирилди. Унинг экипажи 10 кун ичида Ойни айланиб чиқиб, Ой юзасига қўнмасдан Ерга қайтиши керак. Ер йўлдоши қарийб 400 минг километр узоқликда жойлашган. Бундан олдинги Ойга парвоз 50 йилдан ортиқ вақт аввал — 1972 йил 7 декабрда “Аполлон-17” космик кемасида амалга оширилган эди.

“Орион”нинг янги учирилиши АҚШнинг янги Ой дастури тарихидаги иккинчи босқич бўлди. 2022 йил декабрида дастурнинг биринчи босқичи — “Артемида-1” якунланган эди: “Орион” синов тариқасида, учувчисиз режимда Ойга парвоз қилиб, унинг орбитасида бир неча ҳафта бўлган ва Ерга қайтган.

Дастурнинг учинчи босқичи — “Артемида-3” доирасида эса инсонлар Ойга қўндирилиши керак.

“Орион”нинг ҳозирги экипажи таркибида Рид Уайзман, Жереми Хансен, Кристина Кох ва Виктор Гловер бор. Гловер Ой миссиясида иштирок этаётган биринчи афроамерикалик, Кох эса бундай миссияда қатнашган биринчи аёл-астронавт бўлди.

NASA “Артемида” дастури тузилганини 2019 йилда эълон қилган эди. Унинг мақсади — АҚШни Ойга қайтариш, мунтазам пилотли миссияларни йўлга қўйиш ва Марсга парвозлар учун оралиқ база яратишдан иборат.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид