АҚШ 2018 йилнинг 1 октябрида бошланадиган 2019 молиявий йилда 310 минг нафаргача қочоқ ва бошпана сўровчиларни қабул қилишни режалаштирган. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео хабар қилди.

"Биз 30 минг нафаргача қочоқни қабул қилмоқчимиз ҳамда АҚШ ҳудудидан бошпана сўраган 280 мингдан ортиқ мурожаатни қаноатлантирмоқчимиз", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, Америка ҳудудида бошпана олиш учун 800 мингдан ортиқ даъвогар ариза берган.

2017 йил октябрда АҚШ президенти Дональд Трамп 30 сентябрь куни якунига етадиган 2018 молиявий йилда 45 мингдан кўп бўлмаган қочоқни қабул қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Шу тарзда қочоқларни қабул қилиш бўйича квота учдан бир қисмга камайганди.

USA Today газетасининг хабар беришича, Дональд Трамп президентлиги даврида АҚШ 29 мингдан ортиқроқ қочоқни қабул қилган бўлиб, бу сўнгги 15 йилдаги энг паст кўрсаткичдир.  Кичик Жорж Буш ва Барак Обама президентлиги даврида қочоқларни қабул қилиш бўйича квота йилига 70 мингдан 80 минггача бўлган.