Олий суд Пленуми томонидан қабул қилинган қарорларда жиноят ишлари бўйича далиллар мақбуллигига оид масалалар кўриб чиқилган ва фуқаролик ишларини кўришга тайёрлаш тартиби белгиланган.
 
Norma’нинг ёзишича, қуйидаги ҳужжатлар ҳақида сўз бормоқда:
 
• Олий суд Пленумининг 24.08.2018 йилдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 24-сон қарори.
 
Ушбу мавзудаги аввалги ҳужжат билан солиштирганда, олий суд инстанцияси исботлаш жараёнида қийноққа солиш ва куч ишлатишнинг бошқа шаклларини қўллаш номақбуллигига кўпроқ эътибор қаратди. Шу йўл билан олинган ҳар қандай далиллар яроқсиз деб топилади.   
 
Процессуал ҳаракатда қонунга кўра ҳимоячи иштироки шарт бўлиб, далил унинг иштирокисиз олинган бўлса, ёхуд ҳимояга бўлган ҳуқуқ тушунтирилмаган ёки бу ҳуқуқдан фойдаланиш имконияти амалда таъминланмаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари бузилган ҳисобланади.
 
Далилларни олишнинг айрим процессуал жиҳатларига аниқлик киритилди. Айниқса мақбул эмас деб топиладиган далилларга батафсил тўхтаб ўтилди. Булар, масалан, номаълум ёхуд аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан ва ЖПК нормаларини бузган ҳолда олинган ҳар қандай маълумотлардир.
 
Фотосуратлар, аудио-, видеоёзувларни жиноят иши материалларига қўшиш қоидалари ҳам тилга олинди. Ушбу материалларни тақдим этган шахслар сўроқ қилинган ва улар ким томонидан, қачон, қаерда, қандай ҳолатларда топилганлиги аниқланган ҳолдагина улардан фойдаланиш мумкин. Предметлар (нарсалар)ни кўздан кечириш тўғрисидаги баённома тузилганидан сўнг албатта уларни ишга ашёвий далил сифатида қўшиш тўғрисида қарор (ажрим) чиқарилади. Зарур ҳолларда тегишли экспертиза тайинланади.   
 
• Олий суд Пленумининг 24.08.2018 йилдаги «Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш тўғрисида»ги 26-сон қарори.
 
1999 йилдаги худди шундай ҳужжат ўрнига қабул қилинди. 2018 йил 1 апрелдан ФПКнинг янги таҳрири кучга кирганини қайд этиб ўтамиз, Пленум энди унга ҳавола қилмоқда.