Киев ҳукумати олдинда турган қишда узоқ муддатли электр узилишлари кузатилишига тайёргарлик кўришни бошлади. Бугун шаҳар маъмурияти озиқ-овқат ва ичимлик сув захиралари тайёрлаб қўйилгани ҳақида ҳисобот берди.

Ушбу захиралар ҳисобига шаҳарда 25 минг кишига иссиқ овқат етказиб бериш мумкин. Мэриядагиларга кўра, бу маҳсулотлар биринчи навбатда кам таъминланган фуқаролар учун мўлжалланган. Шунингдек, захиралар блэкаут юзага келганда «Матонат пунктлари»да, фавқулодда вазиятларда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва қутқарув хизматлари ходимларини озиқ-овқат билан таъминлаш учун ҳам ишлатилиши мумкин.

Расмийлар қўшимча равишда яна 20 мингта озиқ-овқат тўпламлари харид қилиниши режалаштирилганини маълум қилган.

Бир неча кун олдин Киев мэриясидагилар аҳолининг энг заиф қатламлари учун жойлаштириш пунктлари ҳам тайёрланганини маълум қилишганди. Аллақачон 1300 дан ортиқ ёлғиз кексалар, 400 га яқин ногирон фарзанди бор оилалар ва 500 нафар ногиронлиги бўлган шахсларни қишки турар жой билан таъминлаш бўйича аризалар келиб тушган.

Украина ҳукумати совуқ тушиши билан Россия ўтган қишларда бўлгани каби йирик шаҳарлардаги энергетика инфратузилмаларига ҳужумларни кучайтиришини прогноз қилмоқда. Ўтган йил қишида бундай ҳужумлар юз минглаб кишилар кучли совуқ шароитида бир неча кун давомида ёруғлик ва иссиқликдан маҳрум бўлишига олиб келганди. Киев олдиндаги қишда зарбалар оқибатлари анча жиддийроқ бўлиши мумкинлигидан хавотирда, чунки Россия аллақачон Украина энергия ишлаб чиқариш қувватларининг 80 фоизини яксон этган.

Украина энергетика вазири Денис Шмигал август ойида россиялик ҳарбийлар қишда нафақат энергетика объектларига, балки Украина сув таъминот тизимларига ҳам ҳужум қилишини тахмин қилганди. «Ўтган қишда улар электр тармоқлари ва иситиш тизимларига зарар етказган, аммо электр бўлмаса ҳам, газ ва сув бўлса, омон қолиш мумкин эди. Сув ва канализациясиз эса уч кундан ортиқ бардош бериш жуда қийин», – деганди у.

Президент Володимир Зеленский ёзда бир неча марта Киев Москвани урушни қишгача тугатишга мажбурлашга ҳаракат қилишини, жумладан, Украинанинг Россия Федерациясидаги фуқаролик инфратузилмасига узоқ масофали ҳужумлари ҳам шунга қаратилганини таъкидлаганди. 6 сентябр куни АҚШ президентининг Москвада Владимир Путин билан учрашувдан кейин Киевга келган элчилари билан учрашган Зеленский музокаралардан кейин шундай деди: «Кўринишидан, уруш қишда ҳам давом этади».