Дубайнинг Emirates авиакомпанияси рақобатчиси – БАА миллий авиакомпанияси Etihad Airways‘ни ўз назоратига олиши мумкин. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги маълум қилди.
Икки йирик компаниянинг бирлашиши дунёда йўловчи ташиш ҳажми бўйича энг йирик компания ҳосил бўлишига олиб келади.
Манбаларнинг айтишича, ҳозирда бошланғич босқичда бўлган музокаралар давомида Emirates томонидан Etihad’нинг техник хизмат кўрсатиш соҳасидаги фаолияти сақланиб қолинган ҳолда авиаташувлар соҳасидаги асосий бизнесини сотиб олиш муҳокама қилинмоқда. Бироқ авиакомпаниялар бу “миш-мишларни” рад этишмоқда.
Агар икки компания бирлашса, унда қиймати бўйича АҚШнинг American Airlines Group Inc. компаниясидан йирикроқ компания вужудга келади.
Битим тузилишига БААнинг иккита бой амирлигининг маъқуллови талаб этилади.
Икки компания йўловчиларни жалб қилиш бўйича доимо кучли рақобат қилган. Etihad 2017 йилда 1,52 млрд доллар миқдорида зиён кўрган ва Fitch Ratings мутахассисларининг прогнозига кўра, 2022 йил охиригача зиён кўришда давом этади.
Emirates эса аксинча, 31 мартда якунланган ўтган молиявий йилда соф даромадини 60 фоиздан кўпроққа – 4,11 млрд дирхамгача (1,12 млрд доллар) оширишга муваффақ бўлган.

















