21 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган «Олтин тегирмон» юклаш станциясида юк поездининг иккита бўш вагони (ғалла ташиш учун цистерналар) ағдарилиб кетди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Таъкидланишича, рўй берган ҳодиса натижасида одамлардан ҳеч ким жароҳат олмаган.

Бироқ, ағдарилиб кетган вагонлар туфайли тўсиқлар ва қисман - темир йўл яқинида жойлашган уйларнинг қўшимча иншоотлари девори вайрон бўлган.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

«Ҳозирги пайтда ҳодиса содир бўлган жойда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги транспортдаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ИИББ вакиллари ишламоқда. Авария-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Воқеа сабаблари ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда», - дейилади маҳкама хабарида.