Марказий банк қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиздан 16 фоизгача оширди
Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини 2018 йилнинг 25 сентябридан 2 фоиз бандга ошириб, йиллик 16 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур қарор сўнгги ойларда юзага келган ташқи иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда қабул қилиниб, инфляцион кутилмаларнинг ошиши, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг ўсиши ва валюта алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири кучаяётган шароитларда инфляцион босимни пасайтиришга йўналтирилган.
Йиллик инфляция суръатларининг секинлашиб боришига қарамасдан, инфляцион хатарларнинг кучайиши ҳисобига келгусида ушбу динамиканинг ўсиш томонга ўзгариши эҳтимоли кескин ошди. Пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилиши мазкур хатарларни ҳамда инфляцион кутилмаларни пасайишига хизмат қилади.
Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Йиллик инфляция даражаси 2018 йилнинг август ойида ҳам дастлабки прогноз кўрсаткичлари доирасида пасайишда давом этиб, 15,7 фоизни ташкил этди. Мазкур динамика мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий арзонлашиши ҳамда 2017 йилдаги пул массаси ошиши ва миллий валюта девальвациясининг инфляция даражасига таъсирини камайиб бориши билан изоҳланади.
Марказий банк томонидан 2018 йилнинг бошида иқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийсига мувофиқ йил якуни бўйича инфляция даражасини 11,5-13,5 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилиниб, ушбу прогноз қуйидагиларга асосланган эди:
• асосий савдо ҳамкор давлатларда макроиқтисодий барқарорликнинг янада мустаҳкамланиши билан мамлакатимиз учун қулай ташқи иқтисодий шароитларнинг сақланиб қолиниши;
• маъмурий тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг бир маромда оширилиши;
• умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижроси таъминланиши;
• иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг мўтадил суръатларда ўсиши.
Аммо, бугунги кунда юзага келган ҳолат монетар сиёсатнинг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари ва кейинги пул-кредит сиёсати шарҳларида қайд этилган инфляцион хатарларнинг кучаяётганлигини кўрсатмоқда.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024