Ўзбекистон Республикасининг 2019-2021 йиллар учун инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди. Яқин йиллар ичида мамлакатни бу борада нималар кутмоқда? Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз интервьюсида шу ва бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Стратегиянинг асосий мақсади нима?

Стратегиянинг асосий мақсади инсон капиталини мамлакатнинг жаҳон саҳнидаги рақобатбардошлик ва инновацион тараққиёти даражасини аниқлаб берувчи асосий омили сифатида ривожлантириш ҳисобланади.

2030 йилга бориб Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича дунёнинг энг илғор 50 мамлакати таркибига киришни режалаштирмоқда.

Эътиборингизни дастур натижаларини баҳолашга инновацион ёндашувга қаратмоқчиман. Илгари бундай эди: биз ўзимизни ўзимиз мақтар эдик, лекин ташқарида ҳеч ким бунга жиддий муносабатда бўлмас эди.

Хатоларни тан олишга тўғри келмаслиги учун биз турли халқаро тадқиқот ва рейтингларда иштирок этишдан четлашдик.

Илм-фан ва инновация ривожланган, ютуқлар бўлган. Бироқ натижалар халқаро маълумотлар базаси ва Глобал инновацион индекс рейтингига тақдим этилмаган.

Агар вазиятга очиқчасига қарайдиган бўлсак, бундай ёндашув илғор ривожланишга туртки бермаган, аксинча, бизни ортга тортган.

Энди бари бошқача, максимал даражада объектив бўлади.

Тараққиёт 81 кўрсаткич бўйича баҳоланади, улар халқаро ташкилотлар рейтинг ва тадқиқотларида акс этади.

Иброҳим Абдураҳмонов

34 кўрсаткич бўйича стратегияни амалга ошириш давомида мамлакат ўз ҳолатини сезиларли даражада яхшилашни режалаштирмоқда, 47 кўрсаткич бўйича ютуқларни баҳолаш эса умуман биринчи марта ўтказилади. Баҳолаш давлат қурилиши, инсон капитали ва тадқиқотчилик фаолияти, инфратузилма, бозорлар, бизнес, илм-фан ва технологиялар, ижодий натижалар бўйича амалга оширилади.