Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “ 2018-2019 йилларда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, республика ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларни уйма-уй айланиб чиқиш, ижтимоий соҳа объектларига ва ишлаб чиқариш объектларига ташриф буюриш орқали Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўрганиб чиқилган.
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ўрганиш якунлари бўйича маҳалла, туман ва вилоят даражаларида ҳал этилиши талаб қилинадиган тизимли муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган “йўл хариталари” ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
Ҳужжат билан 2018-2019 йилларда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида кафолатли иш ўринлари ташкил этиш ҳамда саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланади.
Наманган вилояти ҳокимлиги:
манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда тасдиқланган манзилли рўйхат параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминлайди ва бу борада инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмларига эришиш ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутади;
муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий зарур чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда, лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради.
Наманган вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Янгиқўрғон туманида 174 гектар ер майдонида замонавий спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион зоналар, шунингдек оилавий меҳмонхона мажмуалари ва бошқа туристик инфратузилма объектлари, шу жумладан, экотуризмни ташкил этиш учун сув аттракционлари ҳамда оилавий дам олишга ҳудудга келувчи меҳмонлар ва туристлар учун “Нанай” кичик туристик зонасини барпо этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
“Нанай” кичик туристик зонани янада ривожлантириш Концепцияси ҳамда “Нанай” кичик туристик зонани янада ривожлантириш Концепцияни амалга оширилиши бўйича чора-тадбирлари тасдиқланади.
















