Жамият | 17:50 / 27.09.2018
19715
11 дақиқада ўқилади

Россияда сарсон бўлган меҳнат муҳожирлари мурожаати бўйича текширув ўтказилмоқда

«Kun.uz» сайтида эълон қилинган «Россияга қонуний йўл билан ишлаш учун кетган меҳнат мигрантлари нега сарсон этилди?» сарлавҳали мақола юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги тезкор текширув-суриштирув ишлари олиб борилди. 

Агентликнинг мавзу юзасидан хулосаларида қуйидагилар баён этилади.

«Мақолада асосий масала сифатида фуқароларнинг қонуний йўл билан Россияга ишлаш учун кетганига қарамай, сарсон-саргардон бўлиб, қийин аҳволда Ўзбекистонга қайтганликлари баён этилган.

Хусусан, иш берувчи томонидан

- биринчидан, дастлабки шартномада кўрсатилган шартлар (кундуз 8 соатдан 3 кун, кечга 8 соатдан 3 кун иш, 3 кун дам олиш)нинг бажарилмагани;

- иккинчидан, Россия Федерациясида қонуний ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома берилишининг номаълум сабабларга кўра кечиктирилгани;

- учинчидан, оғир меҳнат ва оғир яшаш шароитлари туфайли айрим фуқароларнинг иш жойини тарк этиб, турли жойларда сарсон-саргардон бўлишгани;

- тўртинчидан, фуқароларга етказилган ушбу моддий ва маънавий зарарни қоплаб бериш кераклиги алоҳида таъкидланиб, тегишли органлар томонидан бу вазиятга ойдинлик киритилиши айтилган.

Мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш ҳамда вазиятни холис баҳолаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу ишга тааллуқли ташкилотлар ва фуқаролар билан суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритган.

Москва шаҳрига ишлаш учун юборилган 23 нафар фуқародан иборат гуруҳга бошлиқ этиб тайинланган Ботир Мамашарифович Багировнинг сўзларига кўра, Домодедово аэропортига етиб боришлари билан «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ ходимлари уларни кутиб олиб, қулай шароитларга эга автобусда патент олгунларига қадар яшаб турадиган шинам ётоқхонага етказган. У ерда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиб, келгусида қилинадиган ишлар ҳақида маълумот берилган. Бироқ, гуруҳнинг айрим аъзолари рухсатнома олиш учун тўланадиган пулларни бир ҳафтага кечиктиргани боис, рухсатномалар 8 кунга кечикиб чиққан. Бу вазиятда фуқаролар ўзлари айбдор бўлишига қарамай, «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ ўз ҳисобидан уларнинг яна 8 кунлик яшаш ва кунига уч маҳал овқатланиш харажатларини қоплаб берган. Рухсатномани 2018 йил 30 июлда олган 13 нафар фуқаро иш берувчининг ёнига, Подольск шаҳрига боришган. Бироқ, у ерда иш берувчи томонидан кунлик 160 рубль тўланадиган ётоқ жой фуқароларни қониқтирмагани сабабли, «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ ходимлари шу куннинг ўзида кунлик 220 рубль бўлган бошқа ётоқ жой билан таъминлаган. Эртаси куни иш берувчининг вакили келиб, 2540 рублдан аванс тарқатган ва иш тартибини тушунтирган. Иш жойи узоқроқ бўлгани учун уларни олиб бориб, олиб келадиган автобус ажратилган. Шуларни инобатга олиб, уларга 12 соатлик иш режими, яъни кундузи 3 кун, кечаси 3 кун ва 3 кун дам олиш таклиф этилган. Гуруҳ фақатгина 30 июлдан 14 августгача меҳнат фаолиятини амалга оширган. Шу вақт оралиғида иш берувчи гуруҳдаги ҳар бир одамга 3 марта, жами 9500 рублдан аванс пули берган.

Бироқ кучли жисмоний ишларга тайёр эмаслиги, шунингдек, турар жой ва иш вақти қаноатлантирмагани боис, гуруҳ томонидан 9 августда иш берувчига шикоят хати ёзишга келишилган. «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ бунга оператив муносабат билдириб, уларга янги иш ўринларини таклиф этган. Таклифга кўра, иш рақамли майда техникалар цехида бўлиб, 6/1 иш куни учун 30 минг рубль, нормадан ортиқ ишлаганлик учун яна 5 минг рубль тўланиши, иш берувчи томонидан қопланадиган 6600 рублли ётоқ жой, 2000 рубль турадиган йўл чиптасини бериш ва карьерали ўсиш имкони борлиги айтилган. Гуруҳнинг барча аъзолари мазкур ишга рози бўлишган. 15 августда «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ ўз ҳисобидан уларни янги иш жойларига етказиш учун транспорт ажратган. Бугунги кунда у ерда Багиров қаторида 10 нафарга яқин фуқаролар ишлаб келмоқда.

Бироқ мақолада номи келтирилган Аббос Ибодуллаев ва яна 10га яқин фуқаро ишга чиқишдан бош тортган, Багиров улар билан бир неча бор тушунтириш ишларини олиб борган бўлса-да, бу фойда бермаган. «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ ходимлари ётоқхона маъмурияти билан ишдан бош тортган фуқароларни паст нархларда жойлаштиришга келишган, аммо 22 августда Ибодуллаев ва унга ҳамроҳ яна бир неча киши ётоқхонадаги бошқа ҳамроҳларини ҳам иш жойларини тарк этиш ва шикоятномалар ёзишга тарғиб этган. «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ ходимлари улар билан бу борада тушунтириш ишларини олиб боради, фуқаролар рус тилини билмаганликлари учун Багиров уларга таржимонлик қилиб туради.

Ботир Багиров томонидан айтилган бу маълумотлар унинг шахсий имзоси билан ҳам ёзма тасдиқланган. «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига юборган расмий хатида ҳам Багировнинг рухсатнома олишдаги кечикиш сабаблари, ишга борган фуқароларнинг жисмоний жиҳатдан чиниқмагани ва ишлашдан бош тортишлари билан боғлиқ маълумотлари янада аниқроқ қилиб баён этилган. Йиғилган ушбу маълумотлар ва Самарқанд шаҳридаги «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» директори Р.Гусев билан шахсан олиб борилган суҳбат натижаларига кўра, демак,

- Россия Федерациясида ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олишнинг кечикиши, мақолада таъкидланганидек, номаълум сабаблар билан эмас, балки айрим фуқароларнинг тўлов пулини вақтида бермагани боис юзага келган;

- ишга борган фуқаролардан баъзиларининг белгиланган жойдан бошқа ерда тунагани акс этган суратлар эса уларнинг сарсон-саргардонлигидан эмас, балки бошқаларни ҳам иш ташлашга ундагани сабаб, иш берувчилар билан келишмовчиликка боргани оқибати эканлигини айтиб ўтиш жоиз. Ваҳоланки, улар билан бир вақтда кетган бошқа фуқаролар ўз ишларини сидқидилдан бажаргани ва иш берувчилар талабларига тўла жавоб берганликлари учун бундай вазиятга тушишмаган;

- Москва шаҳридаги «Евроосиё Меҳнат ресурслари» МЧЖ – «Иш берувчи» номидан Самарқанд шаҳридаги «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» директори Р.Гусев ҳамда меҳнат мигрантлари ўртасида тузилган меҳнат шартномасида чиндан кундуз 8 соатдан 3 кун, кечга 8 соатдан 3 кун иш ва 3 кун дам олиш куни эканлиги кўрсатилган. Бироқ ушбу ҳужжатнинг «дастлабки меҳнат шартномаси» (мақолада ҳавола этилган мазкур шартнома номида ҳам бу ёзиб қўйилган) эканлиги ва унда кейинчалик фуқаро билан иш берувчи ўртасида асосий шартнома тузилиши ва у шартномада иш берувчининг талабларига мувофиқ, дастлабки меҳнат шартномасидан фарқланувчи ўзгартиришлар киритилиши қайд этилгани инобатга олинса, Ўзбекистондан меҳнат миграциясига юбораётган ташкилотнинг фуқаролар билан етарлича тушунтириш ишларини олиб бормагани, қолаверса, шартномада кўрсатилган юк ортувчи ва туширувчи (грузчик) ишига жисмоний жиҳатдан тайёр бўлмаган фуқароларни жалб этгани ойдинлашади.

- қандай сабабга кўра бўлмасин, давлат томонидан хорижга ишга юборилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар доим назоратга олинади, хусусан, Самарқанд шаҳридаги «Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш маркази» томонидан Россияга ишлаш учун бориб, меҳнат шартномаси тугамасидан юртимизга қайтган фуқаролар – Аббос Ибодуллаев ва Ғанижон Икромовга барча кўрган моддий зарарлари тўлаб берилади, яъни уларнинг ишга кетиш учун сарфлаган харажатлари қайтарилади. Бу ҳақида Вазирликка Марказ директори Р.Гусев шахсан хабар қилди. Шунингдек, иш жойини ташлаб, номаълум манзил бўйича Россияда юрган гуруҳдаги 7 нафар фуқарони ҳозирда излаб топиш ишлари олиб бориляпти, уларнинг қаердалиги аниқлангач, улар жисмоний жиҳатдан енгилроқ ишларга жойлаштирилиши билдирилган.

Меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бугун давлатимиз раҳбари ва ҳукумати тарафидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам хорижда ишловчи фуқароларимизнинг кафолатланган ишга эга бўлишлари ҳамда иқтисодий манфаатдорлик асосида яхши шароитдаги иш жойларида меҳнат қилишлари учун қатор йирик лойиҳаларни амалиётга татбиқ этмоқда. Хусусан, ҳозирда чет давлатларда бирин-кетин Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ўз ваколатхоналари ташкил этилмоқда. Яқиндагина Корея Республикасининг Кванджу шаҳрида очилган ана шундай ваколатхона фикримиз далилидир. Мазкур ваколатхоналар хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Демоқчимизки, масъул давлат органлари ҳеч қачон ўзи меҳнат миграцияси учун хорижга юборган фуқароларнинг тақдирига бефарқ қараб турмайди. Фақатгина айрим шахсларнинг, бу сўзни кенг маънода тушунишларингизни истардик, лоқайдлиги ва шахсий манфаати йўлида йўл қўйган хатоликлари сабаб, баъзида нохуш ҳолатлар ёки тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Шундай экан, бирор муаммони ёритишда уни атрофлича ўрганиб, асл ҳақиқатни билиб, холис суриштирув олиб борилса, жамоатчиликда ўша масалага нисбатан нотўғри фикр шаклланмайди», – дейилади вазирлик ахборот хизмати маълумотномасида.

Шу ўринда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳолат юзасидан маълумотномасига нисбатан «Kun.uz» таҳририятининг фикри ҳақида қисқача тўхталишга қарор қилдик.

Шуни таъкидлаш лозимки, масала таҳририятга йўлланган мурожаатга асосан ҳар томонлама ва холис ўрганилган. Жумладан, Россия Федерациясида сарсон бўлиб, юртга қайтган фуқаролар билан суҳбатлашилган ва айни вақтда Россияда бўлиб турганларнинг аудиохабарлари келтирилган. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини кетишдан олдин тайёрлаш ва жўнатиш марказидан «масалага тез кунларда ойдинлик киритилиши» ҳақида изоҳ олинган.

Вазирлик ўз маълумотида 23 нафар фуқародан иборат гуруҳга бошлиқ этиб тайинланган Ботир Багиров ва марказ директори Р.Гусевнинг бир томонлама берган кўрсатма ва маълумотларига таянган, холос.

Аммо, вазирлик вакиллари суриштирувлар жараёнида Россиядан қайтиб келган ва айнан таҳририятга мурожаат йўллаган шахслар билан нега суҳбатлашмади, уларнинг важлари нега эшитиб кўрилмади?

Мана шу эмасми нохолислик ва биртомонлама ўрганиш?

Маълумотномада муаммони ҳал этиш бўйича эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилган. Албатта, бу яхши, бироқ бу айнан мазкур меҳнат гуруҳи билан боғлиқ муаммолар ҳақиқатда юз берганини инкор этмайди.

Таҳририят фикрига кўра, вазиятга янада холис баҳо бериш мақсадида ҳодисани бевосита бошидан ўтказганлар ҳам тингланиши ва шундан сўнггина якуний хулоса чиқарилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бардошбек САМАД ўғли

«Kun.uz» мухбири 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид