16 декабрь куни Москва областидаги мактаблардан бирида тожикистонлик меҳнат муҳожири фарзанди, 10 ёшли Қобилжон Алиев шу мактабнинг 15 ёшли ўқувчиси Тимофей томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Бу қотиллик Россиядаги миллатчилик мавзусини яна бир бор муҳокамалар марказига чиқарди. Рус жамиятида бундай кайфият пайдо бўлиши нималар билан боғлиқ? Ҳукумат бунга қарши курашадими? Kun.uz фаоллар билан шу каби саволлар атрофида суҳбатлашди.

Суҳбатда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, ҳам сиёсатшунос, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам жамиятшунос Ҳамид Содиқ ҳамда ҳуқуқ социологиясида профессор Рустам Ўринбоев иштирок этди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.

Улар ксенофобия билан патриотизмни қориштирди ва бу – Россиянинг фундаментал муаммоси”

Камолиддин Раббимов айни ҳолатга ижтимоий тармоқларда янграётган “фашизм” атамасини ишлатиб бўлмаслигини, бу ижтимоий ҳаракат учун сиёсий мотив бўлиши кераклигини билдирди.

Яъни фашизм қачон фашизм бўлади? Қачонки, агар бу кенг ҳаракат бўлиб, бу ерда кўпчилик иштирок этадиган бўлса ва мана шу ҳаракатнинг аъзоларига ёки бутун бир ҳаракатга фашизм дейиш мумкин. Бу – якка шахс, бўлиб ҳам ўспирин, яъни ўсмир боланинг битта қилган иши. Энди, ўзбек ижтимоий тафаккурида фашист деган сўзни ишлатамиз, қачонки ваҳшийлик юқори бир даражага чиқадиган бўлса. Кимдир бошқага, заифга нисбатан аёвсиз куч ишлатаётган бўлса, биз инстинкт шаклида, яъни инстинктив бир тарзда уни фашист деб атаймиз. Лекин социологик таърифларга кўра, фашизм бу асосан кенг, мафкуравий бир платформага, мафкуравий қарашга эга бўлган, маълум бир сиёсий мақсадларни кўзловчи ва юқори даражадаги агрессия, куч ишлатиш, ҳеч қандай бир гуманизм қоидаларига тўғри келмайдиган куч ишлатишга нисбатан фашизм дейилади. Демак, бу атамани ҳозир истеъмолдан чиқариб ташлаймиз”, – дейди у.

Сиёсий таҳлилчига кўра, айни ҳолат ксенофобияга мисол бўла олади. Раббимов ксенофобияни нафақат бу қўрқиш, балки у нафратга тенг эканини, Россияда, умуман, рус цивилизацияси ёки Россия жамиятида cовет иттифоқи тарқалгандан кейин ташқи дунёга нисбатан ёвқараш одатий ҳолга айланганини тушунтирди.

Менинг қўлимда Россиянинг ўзидаги социологик сўровномалар бор, Левада Маркази 2024 йилда ўтказган. Демак, бу – Россиянинг ичкарисидаги жуда ҳам салоҳиятли бўлган социологик тадқиқот маркази. Улар репрезентатив, яъни бутун бир жамиятнинг ижтимоий қатламлари бўлади: неча фоиз аёл, неча фоиз эркак, олий маълумотли, Москвада яшовчи, вилоятларда яшовчи[лигига ажратган] ва репрезентатив сўровномаларга кўра, Россиядаги перманент ксенофобия даражасини кўрсатиш мумкин.