09:02 / 28.09.2018
13432

«Барселона» янги логотипини эълон қилди. Ундан клуб акроними олиб ташланган

«Барселона» клуб логотипини ўзгартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда жамоа расмий хабар тарқатган.

Таъкидланишича, логотип «замонавий рақамли дунёга мослашиш мақсадида» янги, «янада уйғунлашган ва ёрқинроқ» кўринишдагиси билан алмаштирилмоқда. Янги дизайндаги икки энг муҳим жиҳат - «FCB» ҳарфларининг олиб ташланиши ва кўк-анорранг чизиқларни бўрттириш ҳисобига уларнинг сонини 7 тадан 5 тага камайтирилганидир. Шунингдек, акроним олиб ташлангач, тўп рамзи логотип марказига яқинлашган.

Янги логотип Summa компанияси дизайнери Конград Ллоренс ва Каталония дизайн оламида ўз сўзига эга Хосеп Мариа Мир ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Улардан биринчиси «Миллий дизайн мукофоти» соҳиби ҳисобланса, иккинчиси «Барселона шаҳри унвони» билан тақдирланган профессионаллардир.

Қайд этилишича, тақдим этилаётган логотип клуб директорлар кенгаши томонидан маъқуллаб бўлинган. Эндиликда у 20 октябрь куни бўладиган «Барселона» клубининг асосий бошқарув органи – Делегатлар Ассемблеясида тасдиқдан ўтиши керак. Ассамблея ҳам маъқуллаган тақдирда, янги логотип 2019/2020 йиллар мавсумидан бошлаб фойдаланилади.

Каталония клуби сўнгги марта 2002 йилда логотипини янгилаган эди.

Фото: Fc Barcelona
Top