2018 йилнинг 28-29 сентябрь кунлари КНАУФ компанияси Бухоро вилоятида чиқинди учун мўлжалланган контейнерларни ўрнатиш бўйича экологик акция ўтказди. Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асаридаги машҳур ибора ушбу тадбир шиорига айланди: “Эрталаб турдинг, ювиндинг, ўзингни тартибга келтирдингми – сайёрангни ҳам дарров тартибга сол”.

Контейнерлар дизайни шу ернинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бажарилган. Конструкциялар бетон пойдеворга мустаҳкам маҳкамланган бўлиб, бу уларнинг максимал турғунлигини таъминлайди. Ҳар бир контейнер чиқиндилар ажратилган ҳолда, яъни маиший чиқинди алоҳида, пластик ва шиша алоҳида ҳамда макулатура алоҳида ташланадиган учта ёрқин рангдаги бўлмадан иборат.

Чиқиндиларни шу тарзда саралаш Ер сайёрасидаги экологик вазиятни яхшилашнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Жамиятда фаровонлик ошиши билан истеъмол кўлами ҳам ортади, бу эса генерацияланадиган чиқиндилар миқдорига салбий таъсир кўрсатади. Ташланган ва қайта ишланмаган чиқиндилар тупроқ, сув ва ўсимликларни заҳарлаган ҳолда катта ер майдонларини чиқиндихонага айлантиради. Материалларнинг кўпчилиги деярли парчаланмайди, ёқиб юборилганида эса ўзидан ҳавони заҳарлайдиган зарарли газларни ажратади. Чиқиндилар сараланганида улар тўпланиб қолмайди ва экологик вазиятни ёмонлаштирмайди. Бундан ташқари, қайта ишланадиган чиқиндилар мато, қоғоз ва шиша ишлаб чиқаришида қўлланади, бу ўз навбатида, табиий ресурсларни тежаш имконини беради.

Чиқинди контейнерларидан фойдаланиш жуда осон, шунчаки умумий қабул қилинган саралаш қоидаларига амал қилиш керак, холос.

Кўк рангли бўлма макулатура, тоза қоғоз (картон, газета, журнал, дафтар, откриткалар) учун мўлжалланган. Қайта ишлаш учун материал қуруқ бўлиши жуда муҳим, шу боис озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланган идишларни (масалан, сут маҳсулотлари ва шарбатларнинг тетра-пак ўрамлари) ва бошқа ифлосланган қоғозларни бу бўлмага ташлаш мумкин эмас.

Яшил рангли бўлма пластик ва шиша идишларни, стаканлар, полиэтилен пакетлар, косметика воситаларининг идишлари ва шунга ўхшаш материаллардан тайёрланган бошқа ўрамларни утилизация қилиш учун мўлжалланган.

Зарғалдоқ рангли бўлма маиший чиқиндилар ва қайта ишланмайдиган бошқа чиқиндилар учун мўлжалланган.