Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Токиода Япониянинг Onodera User Run компанияси президенти Жун Като билан учрашди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Onodera User Run хорижий кадрларни тайёрлаш, танлаш ва ишга жойлаштиришга ихтисослашган компания ҳисобланади.
Учрашувда компаниянинг Ўзбекистон фуқароларини Японияда иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳалари муҳокама қилинди. Бахтиёр Саидов Ўзбекистон томони ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам янги таълим марказларини ташкил этиш ва ёшларни касбий тайёрлаш кўламини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
ТИВ раҳбарига кўра, Ўзбекистон томони Япония билан кадрлар тайёрлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестициялар соҳаларидаги ҳамкорликни янги ўзаро манфаатли лойиҳалар билан кенгайтиришга тайёр.

















