Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йилнинг 25 сентябрда ўтказилган навбатдаги мажлисида бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари кўриб чиқилди. Улардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент қуйи палатасига киритилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси “Париж битими” (Париж, 2015 йил 12 декабр)ни ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасидир, деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қобил Носиров.

Мажлисда қайд этилганидек, бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири, деб тан олмоқда. Дарҳақиқат, XX асрга келиб, дунё мамлакатларининг кескин индустриал ривожланиши, табиат қонуниятларига бўйсунмасдан, унинг ресурсларидан нооқилона фойдаланиши натижасида атмосферага беҳисоб миқдорда иссиқхона газлари чиқарилиши иқлим ўзгаришига олиб келди. Бу  эса, ўз навбатида, дунёнинг турли нуқталарида йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳароратнинг кескин ўзгаришига, баъзи ерларда ҳалокатли ёғингарчиликлар, тошқин, бўрон-у тўфон каби офатларга, аксинча бошқа жойларда қурғоқчилик, чўлланиш, ер деградацияси, ўрмон ёнғинлари ва бошқа экологик муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га кўтарилган. Яъни, исиш жадаллиги глобал миқёсда кузатилаётган ўртача суръатдан юқори. Сабаби, Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради.

Экспертларнинг хулосасига кўра, иқлим исиши экотизимлар ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилояти каби минтақаларда экологик вазиятнинг кескинлашувига, йил мобайнида жазирама давр давомийлигининг ортиши ва кучайиши натижасида аҳоли ўртасида касалликларнинг ортиши, шунингдек, бошқа хавфли табиат ҳодисалари – селлар, тошқинларнинг тез-тез такрорланиши, юқори тоғлардаги кўлларнинг ўпирилишига олиб келиши мумкин.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Парижда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий конвенцияси (ИЎДК)га бағишланган конференциянинг 21-сессиясида Париж битими қабул қилинди ва 2016 йил 4 ноябрда кучга кирди.

Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган 195 мамлакатнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади. Битимни ратификация қилмаган мамлакатлар кузатувчи мақомига эга бўлиб, улар учун халқаро ташкилотлар томонидан иқлимга доир дастур ва лойиҳаларни молиялаштиришда чекловлар қўлланилади.  

Мазкур битимнинг мақсади сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 2°С га сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°С гача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат. 2050 йилга бориб иссиқхона газларининг глобал ажратмаларини 40-70 фоизга камайтиришни, 2100 йилгача эса унинг 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади. Мамлакат 2030 йилга келиб эришиши лозим бўлган иссиқхона газлар ажратмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини камайтириш тўғрисида ИЎДК котибиятига маълумот тайёрлаши Париж битимини имзолашнинг мажбурий шарти ҳисобланади.