Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари давом этмоқда. Мусобақаларнинг иккинчи кунида Ўзбекистон вакиллари спортнинг енгил атлетика, дзюдо, пауэрлифтинг ва сузиш каби турларида 17 та медаль – 11 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза қўлга киритишди.
8 октябрь куни тонгида енгил атлетикачилар - Камолахон Абдуллаева (узунликка сакраш, 4,71 м), Александр Свечников (найза улоқтириш, 67,92 м) ва София Бурханова (ядро улоқтириш, 14,59 м) Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги олтин медалларни қўшиб қўйишди.


Қайд этиш лозимки, Камолахон Абдуллаева Параосиё ўйинларида аёллар ўртасида узунликка сакраш бўйича чемпионликни қўлга киритган ўзбекистонлик дастлабки спортчи бўлди.

Бугун гиламга чиққан тўрт нафар ўзбекистонлик дзюдочининг барчаси шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди.
Эркаклар ўртасида ўтказилган баҳсларда Шерзод Намозов (-60кг) ва Ўткир Ниғматов (-66кг) олтин, аёллар ўртасидаги беллашувларда эса Лобар Ҳуррамова (-48кг) кумуш, Севинч Саллаева (-52кг) бронза медалларини қўлга киритишди.






















