Бугун “Бунёдкор” стадиони анжуманлар залида Ўзбекистон – КХДР ўртоқлик учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унинг биринчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Эктор Купер ва ҳимоячи Анзур Исмоилов иштирок этди.

Кириш қисмида Эктор Купер қуйидагиларни таъкидлаб ўтди.

- Олдимиздаги икки ўртоқлик учрашувлари навбатдаги синов жараёни бўлади. Терма жамоани шакллантиришда давом этамиз. Сурия ва Эронга қарши ўйинлар билан солиштирганда ўзгаришлар бўлдими, ўйинчиларда ўсиш борми, шу масалаларга эътибор қаратамиз.

Мен синов деган гапни кўп такрорлаяпман. Бу ҳаммага ҳам ёқмаслиги мумкин. Аммо ўртоқлик ўйинларидан кўзланган асосий мақсад – ўйинчиларни синаб кўриш ва шу орқали жамоа ўйинини Осиё кубогигача шакллантириш.

Эртанги ўйинда олдин терма жамоада ўйнамаган янги ўйинчиларни кўришингиз мумкин. Уларнинг терма жамоага қандай кўникиб кетишини кузатиб борамиз. Бундан ташқари, тактик жиҳатдан ҳам ўйинимизда бироз ўзгариш бўлади. Шунинг учун навбатдаги баҳслар яна бир марта ўйинимизни кўриб, таҳлил қилиб олиш учун ажойиб имконият бўлади.

Шундан сўнг Анзур Исмоилов ўйин олди фикрлари билан ўртоқлашди.

- Терма жамоада кайфият жуда ҳам яхши. Жамоага олимпия терма жамоаси аъзолари ҳам қўшилди. Мураббийнинг тактик кўрсатмаларини бажаришга ҳаракат қиламиз.

- Фақат икки дарвозабон (Ўткир Юсупов ва Роман Абдулов) терма жамоадан биринчи марта чақирув олди. Терма жамоа сафида янги номлар ҳақида гапирганингизда, дарвозабонларни назарда тутдингизми?
- Биринчи марта чақирув олган ўйинчиларни эмас, терма жамоада доимий равишда ўйнамаган, 2-3 учрашувда майдонга тушган, масалан Жавоҳир Сиддиқов каби футболчиларни назарда тутган эдим.

- Эртага Шимолий Кореяга қарши ҳужумкор ўйин кўрамизми? 
- Эртага ҳужумкор ўйин кўрсатамиз, деб айта олмайман. Эртага ўзим хоҳлаётган, мен футболчилар кутаётган ўйинни кўрмоқчиман. Ҳужумкорми ёки ҳимоявий – бунинг фарқи йўқ, аввало менинг услубим натижа олиб келиши керак.